Қозоғистон ўзининг миллий криптовалютаси — Evo (KZTE) ни ишга туширди

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

У Solana блокчейнида яратилган ва тенгега боғланган: 1 KZTE = 1 тенге. Келгусида Evoни кундалик тўловларда ҳам ишлатиш мумкин бўлади.

Evo

Қозоғистон миллий банки тенгега боғланган илк рақамли стейблкойнни жорий этди. У Evo (Evolution қисқартмаси) деб номланиб, бир тенгега бир Evo нисбатида чиқарилмоқда. Лойиҳа ҳозирча товар ҳамда хизматлар учун тўлов сифатида қўлланишига рухсат этилмаган. Бу ҳақда миллий банк раиси Тимур Сулейменов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.

Лойиҳа мамлакатда рақамли молиявий инструментларга қизиқиш ортиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Жорий йил июн ойида миллий банк давлат крипторезерви ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганди. Сентябрда эса президент Қосим-Жўмарт Тўқаев стратегик захира сифатида истиқболли рақамли активларни жамлайдиган махсус фонд тузиш ҳақида топшириқ берди.

Сулейменовнинг таъкидлашича, Evoнинг мақсади — рақамли молия бозорини тадқиқ этиш ва келажакда миллий иқтисодиётда қўлланиши мумкин бўлган йўналишларни синовдан ўтказиш. Унга кўра, бу тажриба иқтисодий хавфларни бошқариш ва янги технологияларни синовдан ўтказиш имкониятини яратади.

Ҳозирча Evoдан фойдаланиш имкониятлари чекланган бўлса-да, унинг йирик молиявий бозор иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланиши кутилаётгани таъкидланмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий стартаплар ҳам Evo асосида турли рақамли хизматлар яратиш имкониятларини ўрганмоқда.

Марказий Осиёда рақамли молия ташаббуслари фақат Қозоғистон билан чекланиб қолмаяпти. Сентябр ойида Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Тимур Ишметов ҳам мамлакатда стейблкойн чиқаришнинг икки усули — тўғридан-тўғри марказий банк орқали ёки хусусий кредит ташкилотлари орқали амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилганди.