Диний маърузага «класс» босгани учун қамалган йигит, Ҳусановни мақтаган Гвардиола ва Аҳмадалиевнинг концертига бостириб кирган Росгвардия — 23 сентябр дайжести

22:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

«Супер контракт» нархини энди ректорлар белгилайди

Олий таълим вазирлиги маълумотига кўра, кириш имтиҳонларида 56,7 ва ундан юқори балл тўплаб, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар қўшимча қабул жараёнида супер контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Улар учун тўлов миқдорини муассаса раҳбарияти мустақил белгилайди.

Янги тартибга кўра, қабул чегарасига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун контракт миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги қарорида назарда тутилган тартиб асосида белгиланади. Агар қабул чегарасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган бўлса, супер контракт миқдори ректорлар томонидан аниқланади ва у базавий контрактнинг камида уч баробари этиб белгиланиши шарт.

 

Россияда қамалган ўзбекистонликларнинг 60 фоизи гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун жазо олган

Россияда жазо ўтаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисми, яъни 60 фоизи гиёҳвандликка оид жиноятлар учун қамалган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи Мунира Низамова маълумот берди.

Маълумотларга кўра, россиялик ҳуқуқ-тартибот идоралари қайд этган жиноятларнинг 60 фоизи гиёҳвандликка оид. Иккинчи ўринда жинсий зўравонлик (12 фоиз), кейин эса қотиллик (7 фоиз), соғлиққа оғир зарар етказиш (5 фоиз), ўғрилик (4 фоиз) ва фирибгарлик (3 фоиз) туради. Қолганлари турли тоифадаги жиноятлардир.

Мунира Низамованинг сўзларига кўра, бу жиноятлар ортидан Россия аэропортларида ўзбекистонлик йўловчиларга нисбатан текширувлар кучайтирилган, текширувлар ўртача 6–8 соат давом этади, баъзи ҳолларда эса 10–12 соатгача чўзилади. Бу ҳолат аёллар ва болали оилалар учун катта қийинчилик туғдирмоқда. ТИВ вакили айни пайтда Россия, Қозоғистон, Корея ва Туркиядаги депортация марказларида қамоқда бўлган ўзбекистонликлар билан доимий учрашувлар ўтказилаётганини билдирди.

 

Абдуллоҳ домланинг маърузасига 6 йил олдин «класс» босган йигит қамалди

2019 йил «Одноклассники.ру» мессенжерида Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг «Жаннатга ошиқлар» номли маърузасига лайк босган йигит 2025 йил қамалди. Қайд этилишича, судланувчи У. А. ўзининг «Redmi Note 13» русумли телефон аппаратига ўрнатилган Odnoklassniki.ru мессенжерига очилган аккаунтидаги «Класс босилганлар» бўлимида 2019 йилда Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг «Жаннатга ошиқлар» номли ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузасига «класс» босиш орқали виртуал дўстларига тарқатган. Бу билан у амалдаги Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.

«Судланувчи У. Алмарданов томонидан содир этилган мазкур жиноят оғир турга мансублиги туфайли унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган. Шундай бўлсада жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда унга Жиноят кодексининг 57-моддаси татбиқ этилиб, модда санкциясидан камроқ жазо муддати тайинланган». — дейилади Сурхондарё вилояти судлари хабарида.

«Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади» — Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гапирди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни клуб учун узоқ муддатли муҳим трансфер деб атади. Унинг сўзларига кўра, 21 ёшли ҳимоячи ҳали катта имкониятларга эга ва жамоада йиллар давомида муваффақиятли ўйнай олади.

«У марказда ўйнай олади, ҳимоянинг чап қанотидан бошқа исталган позицияларда ўйнай олади, деб айтган бўлардим… Ҳа, у ҳужумда кўп вазият ярата олмаслиги мумкин, аммо унинг ўйини ўта ишончли ва барқарор. Унинг жисмоний имкониятлари, ортга қайтиш [тезлиги] худди Кайл [Уолкер]нинг прайм даврларини йодимга солади! У ғоят эътиборли, жуда ёш, ўрганишга интилади. Биз дуч келган кучли, жиддий рақибларга қарши у ҳақиқатан ҳам аъло ўйин кўрсатди.

У жуда ёш бўлишига қарамай, аввалига Ўзбекистондан Францияга келиб мослашди, кейин бу ерга келгач, биз учун қийин бўлган мавсумда тезда жамоага киришиб кетди… Агар янги жойга келганингда ҳаммаси жойида бўлса, мослашиш осон кечади. Аммо бизда ундай эмасди. Бизда бор ҳаракатлар ва услубларни у ақлбовар қилмайдиган даражада тез ўрганмоқда. Ўйлайманки, у клуб сўнгги бир неча йиллар давомида сотиб олган энг яхши футболчи эканини тез орада тушуниб етасиз. Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади», — деди у.

 

Росгвардия ходимлари Жалолиддин Аҳмадалиев концертига бостириб кирди

Россиянинг Красноярск ўлкаси. Емеляновский туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбекистонлик қўшиқчи Жалолиддин Аҳмадалиевнинг«Корона» зиёфат залида ўтказилаётган концертига бостириб киришди.

Россия ИИВ, ФХХ ва Росгвардия махсус кучлари ходимлари «ноқонуний мигрантлар» ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказган. Ўзбекистонлик қўшиқчи Жалолиддин Аҳмадалиев концерти бўлиб ўтаётган кўнгилочар муассасага бостириб кирган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 620 нафар меҳмонни текширган, улардан 210 нафари хорижлик экани айтилмоқда. Уларнинг ёнидан эркин муомалага чиқарилиши тақиқланган буюмлар ёки моддалар топилмаган. 26 нафар хорижлик полиция бўлимига олиб кетилган, улардан 8 нафари Россияда ноқонуний равишда бўлгани таъкидланмоқда.

Рейд якунлари бўйича полиция ходимлари 19 та маъмурий баённома тузган: чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россияга кириш ёки бўлиш қоидалари ва иммиграция қоидаларини бузганлик учун.