Россия йўлларида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар парки кескин қарияяпти. Янги маълумотларга кўра, мамлакатдаги ҳар учта машинанинг иккитасининг ёши 10 йилдан катта. Бу ҳолат Россия автомобил бозоридаги жиддий муаммолардан далолат бермоқда.
«Коммерсантъ» анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йилда автомобилларнинг 72,8 фоизи 10 йилдан ошган. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўп. Ҳозирги пайтда Россиядаги автомобилларнинг ўртача ёши 15,5 йилга етган.
Таҳлилчилар бу тенденциянинг асосий сабаби — хорижий автоконцернларнинг Россиядан чиқиб кетиши ва аҳолида янги машина харид қилиш имконияти камайганини қайд этади. «Автостат» маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда 1,57 млн янги авто сотилган. Бу автопарк ёшини барқарор сақлаш учун камида икки баравар кам ҳисобланади.
Автомобил нархлари ҳам аҳоли учун оғир. «Автостат» маълумотларига кўра, 2024 йил якунида янги машина нархи ўртача 3,12 млн рублга етди. 2025 йил бошида эса бозорда сотув 28 фоизга қисқарди. Автобуслар ва юк машиналари бозорида эса пасайиш 55–60 фоизга етган.
Мутахассислар таъкидлашича, аҳолидаги асосий танлов — эски машинани сақлаш ёки арзонроқ, лекин сифат даражаси пастроқ маҳаллий ва хитой моделларини харид қилиш. Шу боис йўлларда хизмат муддати ўтган, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган авто кўпаймоқда.
Россия автопаркининг қариши нафақат иқтисодий, балки экологик ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам кучайтиради. Мутасаддилар эса ҳозирча янги автомобиллар ишлаб чиқариш ва сотувини рағбатлантириш бўйича самарали дастурларни таклиф қила олмаяпти.
Аввалроқ январ–август ойларида Ўзбекистонда 284 минг 352 та енгил авто ишлаб чиқарилгани ва бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 9,18 фоизга кўплиги ҳақида хабар берган эдик.