Тошкент марказидаги собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида қуриладиган йирик комплекс қурилиши 2025 йил декабрида бошланиши кутилмоқда. Лойиҳа ташаббускори бўлган Manar Development компанияси матбуот анжуманида бу ҳақда расман маълум қилди, деб ёзмоқда Spot.
Chorsu by Manar ёки Yangi Chorsu номи билан белгиланаётган лойиҳа доирасида 100 минг метр квадратдан ортиқ майдонда кўп функцияли мажмуа барпо этилади. 38,3 минг метр квадрат турар-жой, 20 минг метр кв.дан ортиқ қисми тижорат ва меҳмонхона майдонлари, 14 минги эса офислар учун ажратилади. Шу билан бирга, ҳудудда пиёдалар йўллари, яшил майдонлар ва дам олиш жойлари ҳам ташкил қилинади.
Архитектура концепцияси машҳур архитектор Сергей Чобан томонидан ишлаб чиқилган. Manar Development раҳбари Даврон Файзиматовнинг маълум қилишича, лойиҳа қиймати 100 млн доллардан ошиб, маблағлар тўлиқ компаниянинг ўз ресурслари ҳисобидан ажратилади. «Биз банк кредитларисиз, тўлиқ ўз маблағларимиз билан ишлаймиз», — деди у.
Компания декабр ойида қурилиш ишларини бошлаб, дастлабки объектларни 2028 йилда топширишни режалаштирган. Бутун лойиҳа 2029 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда.
Manar Group 2024 йил май ойида 130 млрд сўм устав капитали билан рўйхатдан ўтган. Компания раҳбарлари Orient Group ва Golden House билан ҳам узвий алоқалари бор. Шунингдек, «Чорсу» меҳмонхонасини аввал 16,9 млрд сўмга сотиб олган БАА компанияси Ittihad International Investment лойиҳада иштирок этмаслиги маълум қилинди.
Лойиҳанинг кейинги молиявий келишувлари ва инвесторлар таркиби келишувдан сўнг эълон қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йил январ–август ойларида қурилиш соҳасида 188,5 трлн сўмлик ишлар амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111,5 фоизга ўсиш қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик.