Мирзиёев БМТ минбаридан туриб глобал ислоҳотлар зарурлигини билдирди

02:11 | 5 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида глобал низолар, янги таҳдидлар ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида қатъий ва очиқ нутқ қилди.

Mirziyoyev un tribune

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ню Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессияси умумий мунозараларида нутқ сўзлади. У дунёда шиддат билан ўзгараётган вазият халқаро ташкилотлардан янги ёндашув талаб этаётганини таъкидлади. Президент нутқи унинг расмий сайтида келтирилган.

Президентнинг айтишича, бугун халқаро институтлар роли заифлашмоқда, низо ва урушлар кучаймоқда, ижтимоий ва технологик тенгсизлик ортиб бормоқда, иқтисодий ва ҳуманитар инқирозлар чуқурлашмоқда. Бу эса хавотирли янги геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ташаббусларини юксак баҳолаб, «БМТ–80» дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва «Келажак учун пакт»га содиқлигини таъкидлади.

«Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз», — деди Мирзиёев.

Президент нутқида Ўзбекистондаги янгиланишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, мамлакатда демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Асосий мақсад — ҳар бир оила ҳаётини яхшилаш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш.

Мирзиёев таъкидлаганидек, сўнгги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилди. Бу таълим ва фан соҳасини ислоҳ қилиш, инновацияларни жорий этиш, «яшил» энергетикага эътибор қаратиш, кичик бизнесни ривожлантириш ва миллионлаб иш ўринлари яратиш ҳисобига амалга ошди.

Президент сўзларига кўра, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача ошган. Энг муҳим масала сифатида эса ўқитувчи ва устозлик касбининг нуфузини ошириш белгиланган.

Ўз нутқини давом эттирар экан, Мирзиёев педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди.

Шунингдек, мамлакатимизда илғор соғлиқни сақлаш тизими яратилаётгани таъкидланди. Эртага БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилади. Президентимиз барча хорижий ҳамкорларни ушбу тадбирга таклиф этди.

«Яна бир бор таъкидламоқчиман: биз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларимизга содиқмиз. 2030 йилга бориб «даромади ўртадан юқори» бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилганмиз. Шу мақсадда очиқ ва прагматик сиёсатимизни изчил давом эттирамиз», — деди Президент.