23 сентябр куни Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида бўлиб ўтган мулоқотда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда шериклик масалалари муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш учрашуви икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ва БМТ ўртасида 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Октябр ойида беш йилга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган. Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 13 та резолюцияни қабул қилди. Шунингдек, мамлакат ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва Статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этилди.
Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Антониу Гутерриш Мирзиёевнинг Бош Ассамблея минбаридан билдирган ташаббусларини юксак баҳолаб, уларнинг глобал ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Учрашув якунида икки томон устувор йўналишларда янги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида глобал низолар, янги таҳдидлар ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида қатъий ва очиқ нутқ қилди.