Наманганда аёл укаси уйсиз қолганидан шикоят қилиб, ҳокимнинг контейнер уйига хат ёпиштириб кетди

12:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Наманганда уйсиз қолган аёл туман ҳокими контейнер уйига аламли хат қолдириб, унда онасининг сарсон-саргардонликда вафот этгани ва укаси уйсиз қолганини ёзди.

Hokimga xat

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи Салима Қўлдошева уйсизлик муаммоси билан боғлиқ ҳолда туман ҳокими Жўрабек Нурматовга мурожаат этди. У Шўрариқ маҳалласида жойлашган ҳокимнинг контейнер уйига хат қолдириб, оиласининг оғир аҳволи ҳақида ёзди.

«Norin tuman hokimiga xat

Сизнинг қарорингиз туфайли биз оилавий уйсиз қолган эдик. Онам сарсон-саргардонликда вафот этди. Мен турмуш қурганман, укам эса ҳануз уйсиз, уйланолмай, ватан қилолмай юрибди. Ишонамизки, сиз қачондир ўз уйингизга қайтасиз, биз эса 13 йилдан бери қайтолмаяпмиз», — дейилади хатда.

Салима Қўлдошева укаси ўз отасидан қолган уй-жойга 13 йилдан буён эга бўлолмаётганини билдириб, масалага ҳокимнинг шахсан эътибор қаратишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу муддат давомида турли идораларга мурожаат қилинган, бироқ муаммо ҳал этилмаган.

Vaqt.uz вазият юзасидан Норин туман ҳокимлиги матбуот котиби Носиржон Ҳасанов билан боғланди. Унинг айтишича, мурожаат қилган қизнинг онаси турмуш ўртоғи вафотидан сўнг уй-жойдан воз кечиш далолатномасига имзо қўйган ва бошқа шахсга турмушга чиққан.

«Хат қолдирган қизнинг онаси шаръий никоҳ билан иккинчи тумушга чиққан. Дадасининг аввалги турмушидан 4 та фарзанди бўлган ва дадасининг вафотидан сўнг онаси уй-жойдан даъвом йўқ, деган далолатномага имзо қўйиб бошқа инсонга турмушга чиқиб кетган.

Салима Қўлдошева эса турмушга чиққан. Ҳозир у укаси учун Тўда қишлоғидаги дадасидан қолган уйга даъво қиляпти. Бу уйда расмий меросхўрлар истиқомат қилиб келишмоқда. Бу борада ҳоким бирор қарор чиқарган эмас. Бундай хатдан мақсад жамоатчиликнинг эътиборини мавжуд муаммога қаратиш. Лекин мерос масаласидаги якуний қарорни туман ҳокими эмас, фақат суд чиқариш ваколатига эга», деди Носиржон Ҳасанов.

Эслатиб ўтамиз, Жўрабек Нурматов 2021 йилнинг 22 декабр куни Наманган вилояти Норин тумани ҳокими этиб тайинланган.