Россия буғдой экспорти учун божни кескин оширди

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия буғдой экспорти учун божни кескин оширди. Янги қарор ғалла бозорини қандай ўзгартиради — бу савол очиқ қолмоқда.

Bugdoy boj

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги 24 сентябрдан бошлаб буғдой экспорти учун янги бож ставкаларини жорий этганини маълум қилди. Янги тартибга кўра, бож нархи 495,9 рублдан 655,6 рублгача кўтарилди. Бу қарийб бир ярим баробар ошишни англатади.

Янги тарифлар фақат буғдойга эмас, балки маккажўхорига ҳам тааллуқли бўлди. Унга нисбатан бож 1,9 баробарга кўтарилиб, 398,2 рублдан 743,1 рублга етди. Шу билан бирга, арпа экспорти учун ставка нол даражада қолдирилди. Барча белгиланган тарифлар 30 сентябргача амал қилади.

Қарор индикатив нархлар асосида ҳисобланган: буғдой учун — тоннасига 226 доллар, арпа учун —207,9 доллар ва маккажўхори учун —226 доллар. Ҳисоботга кўра, нархларда катта ўзгариш кузатилмаган бўлса-да, Россия ҳукумати ғалла бозорини тартибга солиш учун божларни оширишга қарор қилди.

Россияда «дон демпфери» деб аталувчи сузувчи бож тизими 2021 йилдан бери амал қилади. Унга кўра, буғдой, маккажўхори ва арпа учун ставка ҳар ҳафта қайта кўриб чиқилади, йиғилган маблағ эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидия сифатида йўналтирилади.

2022 йилдан бошлаб ҳисоб-китоблар рублда амалга оширилмоқда. Ҳозирда буғдой учун базавий нарх тоннасига 18 минг рубл, арпа ва кукуруза учун эса 17,875 минг рубл этиб белгиланган. Бу эса Россиянинг ғалла экспортидаги тартибга солиш чоралари узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми эканини кўрсатади.