Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар овқатдан заҳарланди

09:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Болаларнинг саломатлигига сифатсиз сут маҳсулотлари таъсир кўрсатган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазият тўлиқ назоратга олингани ва текширув ишлари бошланганини маълум қилди.

Gazzz

24 сентябр куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар соғлиғида ўзгариш кузатилиб, улар юқумли касалликлар бўлимига олиб борилди.

«Дастлабки тиббий кўрикка кўра, болаларга «ошқозон-ичак фаолиятининг ўткир бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилди. Зарур муолажалар амалга оширилгандан сўнг кўпчилигининг аҳволи яхшиланиб, шу куннинг ўзида уйларига жавоб берилди. Оғир аҳволдаги беморлар қайд этилмади» дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда текширув бошланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, болаларнинг саломатлигига сифатсиз сут маҳсулотлари таъсир кўрсатган. Хусусан, 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехда ишлаб чиқарилгани аниқланган.

Айни вақтда беморлардан олинган таҳлиллар ва истеъмол қилинган озиқ-овқат намуналари тегишли лабораторияларда текширилмоқда. Эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

Текширувлар якуни бўйича қўшимча маълумотлар берилиши билдирилди.