Сурхондарё вилояти Денов туманида вояга етмаган қизнинг турмушга берилиши ва никоҳ маросими ўтказилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши очилди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова бу воқеани назоратга олганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 8 июл куни Денов туманида 1958 йилда туғилган аёл ўзининг 2009 йилда туғилган набираси А.Р.ни 1997 йилда туғилган М.Р. исмли йигитга турмушга берган. Қиз вояга етмагани сабаб никоҳ қонунан қайд этилмаган.
Шунга қарамасдан, 1950 йилда туғилган И.М. моддий манфаат эвазига уларга шаръий никоҳ ўқиб бергани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан 2025 йил 22 сентябрда жиноят иши қўзғатилди.
Тергов материалларига кўра, И.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 125-1-моддаси («Вояга етмаганларга нисбатан ноқонуний никоҳ маросимини ўтказиш»), М.Р.га нисбатан эса 128-модда («Вояга етмаган билан жинсий алоқа») бўйича иш очилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Денов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани эса эрта никоҳларни қаттиқ қоралаб, бу каби ҳолатлар болалар ҳуқуқларини қўпол бузиш эканини ва жиноий ҳамда маъмурий жавобгарликка олиб келишини таъкидлади.