Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида «Саратон ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда «Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, болалар саломатлигига оид муҳим мурожаат қилди.
«Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур», — деди Зироат Мирзиёева
Тадбирда Туркия, Озарбойжон, Ангола, Ветнам, Гватемала каби кўплаб давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда касалликка чалинган болалар иштирок этди. Улар глобал ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, 2030 йилга қадар болаларда саратон касалликлари бўйича яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказиш ниятини билдирди.
Шунингдек, иштирокчилар ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши курашиш ва маҳаллий ресурсларга таянадиган адолатли соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу йўналишда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Зироат Мирзиёева БМТ доирасида ЖССТ бош директори доктор Тедрос Гебрейесус билан ҳам учрашув ўтказди. Суҳбатда болалар саратонини эрта аниқлаш ва замонавий даволаш усулларини жорий этиш, мутахассисларни тайёрлаш ва болалар ҳамда уларнинг оилалари учун реабилитация имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. ЖССТ раҳбари Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташаббусларига юксак баҳо берди.