Bitcoin криптовалютаси нархи 2025 йил 22 май куни тонгда 110 минг доллардан ошиб, янги рекорд қайд этди. Binance криптобиржаси маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан 6:45 да Биткойн нархи 111 880 долларга етган. Кейин эса унда бироз пасайиш кузатилган.
Bitcoinʻнинг бу рекорд даражадаги ўсиши сўнгги ойлардаги мураккаб иқтисодий вазиятга қарамай рўй берди. Апрел ойи бошида криптовалюта нархи 75 минг доллардан пастга тушганди. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан янги, кенг кўламли савдо божлари жорий этилиши режалари билан боғлиқ хавотирлар фонида юз берганди. Савдо бозорлари пасайгани, фонд индексларининг тушиши криптобозорга ҳам таъсир кўрсатган.
Бироқ кейинчалик бу божлар режаси вақтинча тўхтатилди ва Bitcoin яна ўсишни бошлади. Инвесторлар хавф-хатар камайганидан кейин рақамли активларга қайтиб сармоя киритишни кучайтирди. Бу жараён Биткойннинг янги чўққиларга чиқишига сабаб бўлди.
Bitcoin нархининг бундай баландлашуви криптовалютага бўлган ишончнинг ошиб бораётганини кўрсатади. Хусусан, иқтисодий ноаниқлик шароитида кўплаб сармоядорлар Bitcoinʻни инфляциядан ҳимоя воситаси сифатида кўра бошлаган.