Коррупцион жиноятлар: давлатга етказилган зарар ҳажми икки баравар ошди

19:00 | 17 дақиқада ўқилади.

Сўнгги икки йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар кескин кўпайди. Ҳудудлар кесимида Андижон вилояти етакчиликни сақлаб қолмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш эса коррупциянинг асосий «ўчоғи»га айланди.

Uzbek corruption

Ўзбекистонда коррупция муаммосини ҳар соҳада учратишимиз мумкин. Айниқса, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қурилишдаги кадастр масаласи билан боғлиқ тадбиркорнинг иддаолари шов-шувларга сабаб бўлди. Очиқ мулоқотда тадбиркор Усмонжон Абдусаматов «Тошкентда битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор» деган даъво билан чиққан эди. Шунингдек, Қурилиш вазирлиги унинг устидан ИИВга расмий шикоят йўллагани ҳақида хабар берган эдик.

Бу эса ОАВ вакиллари, жамоатчилик фаоллари ва блогерлар орасида танқидларга сабаб бўлди. Бизнес-омбудсман ҳам ҳолат юзасидан тадбиркор ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлашини маълум қилди. Лекин бу ҳолат кўринмас бўлиб «панада ётган» муаммоларга ойна тутиб берди.

Corruption 01
Инфографика: Vaqt.uz

Умуман олганда, Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари сўнгги 2 йилда икки баравар ошган. Хусусан, 2024 йилда коррупциядан давлат манфаатларига етказилган зарар 2,81 трлн сўм бўлса, 2023-йилда 1 трлн 4 трлн сўмни ташкил қилган. Бу фақатгина расман аниқланган рақамлар, бахтга қарши «тутқич бермайдиган» коррупционерлар ҳам талайгина.

 

Коррупция жиноятлари статистикаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 16 сентябр куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 2024 йилдаги коррупциядан давлат манфаатларига етказилган зарарлар тўғрисида маъруза қилди.

Унга кўра, ўтган йили коррупция билан боғлиқ 4 минг 649 та жиноят учун 7 минг 354 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Уларнинг 1 минг 525 нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Судланганлар сони 2023 йилга (6 минг 535 та) нисбатан 12,5 фоиз, бундай жиноятлар сони эса қарийб 13 фоиз (4 минг 128 та) ошган. Яъни барча ҳолатларда коррупция миқдори ошиб, ҳолат ёмонлашган.

 

Ҳудудлар кесимида кўрсаткич қандай?

Коррупцион жиноятлар оқибатида давлат манфаатига етказилган зарарлар бўйича яна Андижон вилояти етакчи. Вилоятда коррупцион ҳолатлар ортидан давлатга 680 млрд сўм зарар етказилган. Қизиғи, 2023 йилда ҳам 243 млрд сўм етказилган зарар билан Андижон вилояти мутлақ етакчи эди. Демак, вилоят нафақат коррупцион етакчиликни ҳеч кимга бермаган, балки жиноятлар зарари ҳам 2,8 карра ошган. Қисқа қилиб айтганда, Aндижон вилояти корропцияга оид жиноятларда ҳам еткачиликни ҳеч кимга бермаяпти. 

 

Corruption 02
Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Маълумот учун, Андижон вилояти Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг очиқлик индексида ҳам энг паст ўринда эди.

Жиноятлар кесимида қарайдиган бўлсак, вазият бироз кутилмаган манзарани кўрсатмоқда. 2024 йилги маълумотларга кўра, Андижондан кейин коррупцион жиноятлар сони бўйича Наманган вилояти иккинчи ўринда қайд этилган. Наманган вилоятида жами 877 та коррупцион ҳолат аниқланган бўлиб, улар оқибатида 308 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳам юқори учликдан жой олган. Ҳудудда 697 та коррупцион жиноят қайд этилиб, улар вилоят иқтисодиётига         332 млрд сўм зарар келтирган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, барча ресурслар Тошкентдан тақсимланиши ва катта коррупцион даромадлар пойтахтга йўналишига қарамай, айни шу ҳудудда судланганлар сони етакчи вилоятлардагидан деярли икки баробар кам. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат қайси йўналишларга асосий эътибор қаратилганини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистонда ҳудудлар бўйича коррупцияда айбланганлар сони қуйидагича:

 

Ҳудуд

Судланган шахслар сони

Самарқанд вилояти

643

Қорақалпоғистон Республикаси

554

Тошкент шаҳри

392

Тошкент вилояти

697

Сурхондарё вилояти

396

Бухоро вилояти

400

Навоий вилояти

366

Наманган вилояти

877

Сирдарё вилояти

517

Хоразм вилояти

157

Жиззах вилояти

266

Фарғона вилояти

512

Андижон вилояти

882

Қашқадарё вилояти

695

Республика

7354

Жадвал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотлари асосида тайёрланди

Ҳудудларнинг аксариятида судланганлар сонининг ўсиши қайд этилган. Бу ўсиш, айниқса, Самарқанд вилоятида (+73 фоиз), Қорақалпоғистонда (+52 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (+31 фоиз) сезиларли бўлди. Қашқадарё (-14,5 фоиз), Андижон (-9,2 фоиз) ва Фарғона вилоятларида (-2,5 фоиз) пасайиш кузатилди.

 

Соҳалар кесимида натижалар қандай?

Соҳалар

2023 2024
Мактабгача ва мактаб таълими

474

654

Соғлиқни сақлаш

299

342

Банклар

323

271

Бандлик

66

202

Электр тармоқлари

116

111

Маҳаллий ҳокимият органлари

250

106

Олий таълим

112

90

Газ таъминоти

148

83

Сув таъминоти

59

76

Кадастр

86

68

Нодавлат нотижорат ташкилотлар

35

39

Қишлоқ хўжалиги

46

36

Транспорт

26

Хўжалик юритувчи субъектлар 210

244

Жадвал Коррупсияга қарши курашиш агентлиги маълумотлари асосида тайёрланди

Соҳалар кесимида коррупцион жиноятларни таҳлил қиладиган бўлсак, таълим тизими энг оғир манзарни кўрсатмоқда. 2023 йилда 474 нафар шахс судланган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 654 нафарга етган. Яъни бир йил ичида 180 та ортиқча жиноят қайд этилиб, 38 фоизлик ўсиш кузатилган. Бу эса таълим соҳасида маблағларни тақсимлаш ва жараёнларни бошқаришда шаффофлик етишмаслигидан далолат беради.

Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ўсиш кузатилган. 2023 йилда 299 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 342 тага етган. Яъни 43 тага кўпайиш, бу эса тахминан 14,4 фоизлик ўсишни ташкил қилади. Демак, тиббий хизмат, дори-дармон таъминоти  ва  ҳолатларда ҳам коррупция етарлича учрамоқда.

Банклар бўйича эса манзара бироз бошқачароқ. 2023 йилда 323 киши жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 271 нафарга тушган. Шунга қарамай, банклар ҳануз молиявий оқимлар марказида бўлиб, коррупция хавфидан тўлиқ холи эмас.

Умуман олганда, соҳаларга қараб фарқ қилаётган бу кўрсаткичлар тизимдаги муаммоларнинг қай даражада чуқур эканини очиқ кўрсатмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлашда сонларнинг ошиши жамият учун огоҳлантирувчи сигнал бўлса, банк ва молия тизимидаги кичик миқдордаги қисқариш соҳани ҳануз энг юқори учликдан пастга тушира олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банк ходимлари ойлик камлиги учун коррупция қилаётганини айтган эди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда энг кўп даромад олувчилар банк ва молия соҳаси вакиллари деб баҳоланган.

 

Энг кўп содир этилган коррупция жиноятлари

Жиноят тури 2024
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш

4189

Фирибгарлик

1191

Пора олиш

187

Пора бериш

1086

Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш

188

Мансаб сохтакорлиги

106

Жадвал Коррупсияга қарши курашиш агентлиги маълумотлари асосида тайёрланди

2024 йилда қайд этилган коррупцияга оид жиноятлар статистикаси мамлакатда бу муаммо ҳали ҳам жиддий даражада сақланаётганини кўрсатмоқда. Жиноятлар орасида энг кўп учрагани — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари бўлиб, уларнинг сони 4 минг 189 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич коррупциянинг асосан молиявий маблағларни ноқонуний эгаллаш йўли билан амалга оширилаётганидан далолат беради.

Фирибгарлик жиноятлари ҳам юқори кўрсаткич билан қайд этилган — 1 минг 191 та ҳолат. Бу турдаги жиноятлар асосан алдов ва ишончдан фойдаланиб мол-мулкка эга бўлиш йўли билан содир этилган.

2024 йилги маълумотлар орасида энг қизиқарли манзара шундаки, пора бериш билан боғлиқ жиноятлар сони 1 минг 086 та бўлган бўлса, пора олиш ҳолатлари атиги 187 та ҳолатда қайд этилган. Яъни пора бериш ҳолатлари қарийб олти баравар кўп рўйхатга олинган. Бу кўрсаткичлар ўртасидаги катта тафовут жиноятларни ҳисобга олишда номутаносиблик борлигини англатади. Чунки ҳар бир пора беришда уни қабул қилувчи шахс ҳам бўлади. Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўпроқ пора берувчиларни аниқлаётган, аммо пора олувчилар кўп ҳолларда ҳисобдан четда қолмоқда.

Бу эса икки нарсани кўрсатиши мумкин: ёки тергов ва статистикада асосий урғу «таклиф қилувчи»га қаратилмоқда, ёки пора қабул қилганлар кўп ҳолларда жазодан қутулиб қолмоқда. Ҳар икки ҳолатда ҳам коррупцияга қарши курашда мувозанатсизлик юзага келмоқда.

Шу сабабли, тизимли кураш учун пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам тенг даражада жавобгарликка тортилиши зарур. Акс ҳолда рақамлардаги бу номутаносиблик коррупциянинг ҳақиқий кўламни тўлиқ акс эттирмайди.

Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича 188 та ҳолат аниқланган. Бу эса айрим мансабдор шахсларнинг қонун билан берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганини кўрсатади.

Мансаб сохтакорлиги — расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатлар эса 106 тани ташкил этди. Бу энг кам қайд этилган коррупция тури бўлса-да, унинг салбий таъсири жуда катта, чунки сохта ҳужжатлар орқали катта молиявий ёки ҳуқуқий оқибатлар юзага келиши мумкин.

Ҳисоботга кўра, коррупцияга оид жиноятлар сонининг ортиши фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти кучайгани билан эмас, балки вазирлик ва идораларда ички назорат тизимлари самарасиз ишлаётгани билан ҳам боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz «Фикр вақти» кўрсатувида Ўзбекистондаги маиший ва «гапирилмайдиган» элитар коррупция, шунингдек унга қарши кураш йўллари ҳақида маълумот берилган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.