Хитойда ижтимоий тармоқларда нолиш ва шикоят қилиш тақиқланди. Маълумотларга кўра, Хитой Киберхавфсизлик бошқармаси икки ойлик кампания бошлаган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Кампания интернет фойдаланувчилари орасида «атайин салбий ҳиссиётлар уйғотувчи» фойдаланувчиларга қарши йўналтирилган ва ижтимоий тармоқлар, қисқа видео хизматлари, стриминг платформалари ва изоҳлар бўлимлари назорат остига олинади.
Режада нафақат зўравонликка чақирувчи ва ёлғон хабарлар тарқатилиши, балки «ҳаддан ташқари пессимизм»ни тарғиб қилувчи контентни ҳам тўхтатиш кўзда тутилган. Бу чораларнинг мақсади — оммавий майдондан пессимизмни йўқотиб, уни «ижобий энергия» билан алмаштириш. Чунки ҳукумат интернетдаги нолиш ва шикоят қилишни жамият барқарорлигига таҳдид сифатида қабул қилади, деб ёзмоқда Reuters.
Тақиққа шунингдек, ўзини камситувчи, тушкунлик ифодаларини ўз ичига олган, ҳаддан ташқари умидсизликни тарқатувчи материаллар ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган зўравонлик саҳналари ҳам тушади. Бундай контент жойлаштирган платформалар ва муаллифлар жазога тортилиши мумкин.