Франция собиқ президенти Саркози: «Қамоқда бошимни тик кўтарганча ухлайман»

19:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози Муаммар Қаззофийдан ноқонуний пул олганлик бўйича жиноий ишда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

France

Париж суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини 2005-2007 йилларда Муаммар Қаззофийнинг Ливия ҳукумати томонидан унинг сайлов кампаниясини молиялаштириш масаласида жиноий тил бириктирганликда айбдор деб топди.

Худди шу иш доирасидаги бошқа айбловлар — давлат маблағларини ўзлаштириш, пассив коррупция ва сайлов кампаниясини молиялаштиришдаги қоидабузарликлар бўйича Саркози айбсиз деб топилди.

Дастлаб прокуратура барча айбловлар учун етти йиллик қамоқ жазосини талаб қилган эди.

70 ёшли Саркози бутун суд жараёни давомида барча айбловларни рад этиб келди.

У аллақачон суд ҳукми устидан шикоят қилишини айтди.

«Агар улар мени қамоқхонада ухлашимни исташаёган бўлса, билиб қўйишсин: мен қамоқхонада ҳам бошимни тик кўтаргача ухлайман. Мен айбсизман. Табиийки, апелляцияга бераман», — деди у.

Маълумот учун, Саркози 2007 йилдан 2012 йилгача Франция президенти лавозимида ишлаган. 2011 йилда у Ливияда Қаззофийга  қарши қўзғолон бошланганида, бу мамлакатга ҳарбий аралашувнинг энг фаол тарафдорларидан бири бўлган. Чет эл кучлари томонидан амалга оширилган бомбардимонлар қўзғолончиларнинг мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди, натижада Каддафий режими ағдарилди ва унинг ўзи ўлдирилди.

Саркози 2021 йил март ойида таъсир ўтказиш ва коррупция қилишда айбдор деб топилди. Унга бир йил озодликдан маҳрум қилиш ва икки йил шартли жазо тайинланди, аммо ҳақиқий қамоқ муддати электрон билагузук тақиш ва қисман уй қамоғи билан алмаштирилди.

2021 йил кузида Саркози яна бир жиноий иш бўйича айбдор деб топилди — бу 2012 йилдаги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш эди. Дастлаб унга бир йиллик қамоқ жазоси тайинланди, кейинчалик эса жазо муддати олти ойгача қисқартирилди. Шунингдек, қамоқ жазосини электрон билагузук тақиш билан алмаштириш имконияти ҳам берилди.