Энди 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар «супер-контракт»нинг икки бараварини тўлаб олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сонли қарорида назарда тутилган.
2017 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорига мувофиқ, давлат гранти ёки оддий контрактдан четда қолган, 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар ҳам ўқишга кириши мумкин эди. Фақат улардан «супер-контракт»нинг икки баравар қимматини тўлаш талаб қилинган.
Амалиётда бу тартиб «супер-мупер» номи билан машҳур бўлган. Масалан, агар супер-контракт миқдори 100 миллион сўм бўлса, абитуриент унга икки баравар — 200 миллион сўм тўлаб талабаликка қабул қилиниши мумкин эди.
Бироқ янги қарори билан мазкур имконият бекор қилинди. Демак, энди 56,7 баллдан паст тўплаган абитуриентлар умуман супер-контракт орқали ҳам талабаликка киролмайди.
Таъкидлаш жоиз, 56,7 балл ва ундан юқори тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт амалда қолмоқда.