«Ўзбек халқи айтади ва қилади. Шунга биз ишонтирдик — Мирзиёев Трамп билан учрашуви ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Американинг етакчи университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонликлар ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси совриндорлари билан учрашувда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашуви якунлари ҳақида гапириб ўтди.
Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти билан «жуда яхши учрашув» бўлиб ўтгани, суҳбатда жуда кўп масалалар келишиб олинганини таъкидлаб, Доналд Трампнинг Ўзбекистон ҳақида ижобий фикрда эканини айтди.
«Ҳаммангизнинг хабарингиз бор, 5 сентябрь куни Америка таклифига биноан Трамп жаноблари билан жуда мазмунли суҳбатимиз бўлган эди. У суҳбатда биз, албатта, учрашишимизни айтди. Мен Ўзбекистон тўғрисида билар эдим-у, лекин бунчалигини билмасдим,деди. Кеча жуда яхши учрашув бўлди. Жуда кўп масалаларни келишиб олдик. Тwиттеръда ёзилганларини ўқигансизлар, албатта. Ўзбек халқи айтади ва қилади, биз шунга ишонтирдик», — деди Шавкат Мирзиёев.
Боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича жиноят иши очилди
24 сентябр куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар соғлиғида ўзгариш кузатилиб, улар юқумли касалликлар бўлимига олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик. Бироз вақтдан сўнг Юқори Чирчиқдаги боғча тарбияланувчиларида ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилгани аниқланган. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Боғчаларда тарбияланувчи болалар тана ҳарорати, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Дастлабки тиббий кўрикдан сўнг, болаларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилган ва аксариятининг соғлиғи яхшиланган. Оғир аҳволда бўлган болалар аниқланмаган.
Тошкент вилоятидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, шунингдек, туман бўлимлари мутахассислари мактабгача таълим муассасаларининг ошхонасини текширишга киришди. Болалар истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда текширилмоқда.
Банкларга омонат қўйиш кўпроқ кимларни қизиқтирмоқда?
Марказий банк тақдим этган «Банк омонатлари бозори» таҳлилига кўра, омонат ҳисобларининг асосий қисми 16–30 ёшдаги ёшлар томонидан очилган. Ҳисобот маълумотларига кўра, ушбу тоифадаги аҳоли 13,3 миллионга яқин омонат очган. Бу умумий кўрсаткичда энг юқори улуш ҳисобланади. Кейинги ўринда 31–40 ёшдаги фуқаролар турибди, улар томонидан 12,4 миллион омонат рўйхатдан ўтказилган.
Каттароқ ёш тоифаларида омонатлар сони анча паст даражада. Болалар учун очилган омонатлар эса энг кам кўрсаткични ташкил қилди — бор-йўғи 126,2 минг. Марказий банк ҳисоботида таъкидланишича, аҳолининг банк тизимига ишончи ортиб бораётгани ва ёшлар молиявий хизматлардан фойдаланишга кўпроқ қизиқиш билдириши омонат бозорининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Пахта мавсумида уч мансабдор жазоланди
Бандлик вазирлиги ўтказаётган мониторингга кўра, 10-20 сентябр кунларида 11 ҳолатда меҳнат қонунчилиги бузилиши аниқланиб, мансабдор шахсларга МЖтК 49-моддасига асосан жавобгарлик чоралар белгиланган.
Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 3 нафар мансабдор шахсларга МЖтК 51-модда 1-қисмига кўра чора кўрилган. МЖтК 51-модда 1-қисми Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Вазирлик жазоланган мансабдор шахслар ва тегишли ташкилотлар номини очиқламаган. Пахта теримига мажбурлашлар ёки теримчи чиқариш учун пул ушлаб қолишга (хусусан, маошдан) уринишлар юз берган 1176, (71) 200-06-00 рақамларига қўнғироқ қилинг. Ёки https://munosibmehnat.uz/ порталига ёзинг.
Бошоғриққа айланган UzIMEI: нархлар нега ошиб кетди?
Таҳририятимизга Тошкентдаги «Малика» бозорида телефон IEMI-кодларини рўйхатдан ўтказиш нархи анча ошганидан шикоятлар келиб тушмоқда. Мурожаатчилар авваллари бу хизмат 30–40 доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозир 100 доллардан 400 долларгача етганидан шикоят қилган. Vaqt.uz мухбири рўйхатдан ўтказиш нархларининг ўн баравар ўсиш сабабларини ўрганиш мақсадида суриштирув олиб борди. Суриштирув тафсилотлари ҳақида батафсил қуйидаги мақолада билиб оласиз.