Болалар заҳарланган боғчага борган вазир болалар овқатланиши билан боғлиқ коррупцион ҳолат ҳақида лом-лим демади

23:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятида боғчалардаги заҳарланиш оқибатида 109 нафар бола шифохонага ётқизилган.

Zaharlanish sadik

Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг оммавий заҳарланиши оқибатида 109 нафар бола шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 25 сентябр куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосари Азизбек Турдиев ушбу ҳолатни шахсан ўрганиш мақсадида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлган.

Вазирликка кўра, ҳолат нафақат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тегишли ташкилотлар назоратига ҳам олинган.

«Хусусан, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Боғча раҳбарлари, тарбиячилар билан яқиндан мулоқот қилинди», — дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг саломатлиги барқарор. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёт чораси сифатида Пискент ва Бўка туманларидаги МТТ тарбияланувчилари навбати билан шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Ҳозиргача болалар соғлиғига жиддий хавф соладиган ҳолатлар аниқланмаган.

Юзага келган ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган ва тергов жараёнлари бошланган.

Вазир ташрифидан келиб чиқиб фикрларини ёзган таъли бўйича эксперт Комил Жалилов вазирликнинг боғча болаларининг овқатланиши билан боғлиқ коррупцион ҳолатларга муносабат берилмаганидан норози бўлди.

«Лекин вазирлик хабарида муаммонинг илдизи, хусусан, боғча болалари овқатланиши билан боғлиқ коррупция иддаоларига муносабатни кўрмадим. Токи муаммонинг сабаби бартараф қилинмас экан, бундай ҳолатлар бошқа боғчаларда қайтарилмаслигига кафолат йўқ. Демак, муаммонинг илдизи билан шуғулланиш керак. Ёки вазир энди ҳар бир боғчанинг қозонини шахсан бориб кавлаб кўрадими?». — деди у.

Журналист Илёс сафаров эса тўрт тумандаги бу заҳарланиш ҳолати огоҳлик қўнғироғи бўлишига ишонмоқда.

«Тўрт тумандаги бу заҳарланиш ҳолати умид қиламан, ҳуқуқ органлари — ДХХ, Бош прокуратура ва антикоррупсия агентлигига мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат етказиб бериш тизимидаги қинғирликлар бўйича сўнгги огоҳлик қўнғироғи бўлади. Шунингдек, вазирлик ҳам шундай тизим яратиши керакки, унга кўра, боғчада болалар ейдиган ҳар бир луқма, ичадиган сув аввал синовдан ўтказилиши керак. Бу шу тизимдаги энг қатъий, ўзгармас қонуниятга айланиши шарт. Токи, бундай ҳолатлар бошқа такрорланмасин», — дея ёзган Сафаров.