Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтаётган G20 йиғилишида чиқиш қилди. Унинг таъкидлашича, халқаро муносабатларда БМТ Низоми қоидаларининг бузилиши глобал беқарорликни кучайтириб, янги можароларга замин яратмоқда.
«Африкадаги кўплаб инқирозлар ўн йиллаб ҳал этилмаяпти, улар кўп жиҳатдан мустамлакачилик давридан мерос бўлиб қолган. Яна бир яққол мисол — Украинадаги инқироз. Буни Ғарб уюштирди. НАТО ва Европа Иттифоқи Киев қўли билан мамлакатимизга қарши уруш эълон қилди ва унда фаол иштирок этмоқда», — деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, халқаро майдонда қоидалардан воз кечиш дунёда хавфли жараёнларни кучайтираётганини кўрсатмоқда. Африкадан тортиб Шарқий Европагача бўлган ҳудудларда сиёсий беқарорлик ва қуролли тўқнашувлар сони ошиб бораётгани айнан шунинг натижаси ҳисобланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражали ҳафталиги 23 сентябрдан 27 сентябрга қадар, шунингдек, 29 сентябр куни Ню Йоркда ўтмоқда. Сергей Лавровнинг Ассамблея умумий мунозарасидаги асосий нутқи 27 сентябр куни бўлиб ўтади.
Россия дипломати халқаро ҳамжамиятни «Низомга содиқ қолишга ва қонун устуворлигини таъминлашга» чақирди. Унга кўра, акс ҳолда халқаро ҳуқуқ тизими бутунлай инқирозга юз тутади.
НАТО Бош котиби Марк Рютте эса Fox News эфирида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг баёнотларига умуман аҳамият бермасликка чақирди. У Лавровни «Исо пайғамбар туғилганидан бери бирор фойдали сўз айтмаган шахс», деб танқид қилди.