НАТО Россияни чегарани бузган самолётларини уриб тушириш билан таҳдид қилди — Bloomberg

26.09.2025 09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Агар Россия яна Европа ҳаво ҳудудини бузиб кирса, НАТО куч ишлатиши, ҳатто самолётларни уриб тушириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Mig31 estonia

Bloomberg нашрининг хабарига кўра, Европа мамлакатлари Россияни ҳаво ҳудудини қайта бузмасликка қаттиқ огоҳлантирди. Кремлга йўлланган баёнотда НАТОнинг «барча воситалар билан жавоб қайтаришга» тайёрлиги, зарурат туғилса ҳарбий ҳаво техникасини уриб тушириш имконияти ҳам борлиги таъкидланди.

Манбаларнинг айтишича, Москвада бўлиб ўтган учрашувда Франция, Британия ва Германия элчилари Россияга Эстония осмонида қайд этилган ҳодисадан жиддий хавотир билдиришган. Эстония расмий маълумотга кўра, 19 сентябрь куни Россиянинг учта МиГ-31 самолёти 12 дақиқа давомида мамлакат ҳаво ҳудудини бузган. Москва эса «бизнинг алоқамиз йўқ», дея бу айбловларни рад этмоқда.

Таллин ушбу воқеа ортидан НАТО Низомининг 4-моддасига кўра маслаҳатлашув чақирди. 23 сентябрда ўтган йиғилишда аъзо давлатлар хавфсизликка таҳдид ҳолатини муҳокама қилди. Бироқ Европа ичида ягона позиция мавжуд эмас: Латвия, Литва ва Полша қатъий чоралар тарафдори, Германия эса эҳтиёткор ёндашувни маъқул кўрмоқда.

АҚШнинг позицияси ҳам турлича: президент Доналд Трамп НАТОга Россия самолётларини уриб тушириш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади, аммо давлат котиби Марко Рубио бу ташаббусга қарши чиқди.