2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6,7 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилаётгани таъкидланди. Асосий омиллар сифатида кучли ички талаб, иш ҳақи ошиши ва мигрантлар пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши кўрсатилган. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида келтириб ўтди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсган, хизматлар соҳасида эса ўсиш 8,2 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар аҳоли даромадлари ва пул ўтказмалари 28,7 фоизга кўпайиши билан изоҳланди. Шунингдек, озиқ-овқат ва металлургия ишлаб чиқариши кенгайгани қайд этилди. Газ қазиб чиқаришдаги пасайиш эса дунёдаги юқори олтин нархлари билан қопланган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръати бироз секинлашиб, 6 фоиздан 5,2 фоизга тушиши мумкин. Шу билан бирга, диверсификация қилинган ишлаб чиқариш ва хорижий инвестициялар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиб қолиши таъкидланмоқда.
Марказий Осиёдаги қўшни давлатларда ҳам юқори ўсиш кутилмоқда. Хусусан, Қирғизистон 2025 йилда 9 фоиз билан энг юқори ўсиш суръатига эга бўлиши мумкин. Қозоғистонда 5,7 фоиз, Тожикистонда 7,5 фоиз, Туркманистонда 6,3 фоиз ва Мўғулистонда 5,8 фоиз ўсиш прогноз қилинган.
ЕТТБ ҳисоботида ҳудуд учун асосий хавфлар сифатида хомашё нархларида кескин ўзгаришлар, Россия ва Хитой бозорларига юқори боғлиқлик ҳамда пул ўтказмалари ҳажми қисқариши эҳтимоли қайд этилган.