Самарқандда республикада илк бор ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси ташкил этилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.
Самарқанд шаҳри Қорасув массивида жойлашган «Обод маскан» маҳалласида 2 та ярим ер ости чиқинди сақловчи махсус қутилар мажмуаси ишга туширилди. Бундан асосий мақсад — аҳолидан тўпланадиган маиший чиқиндилар атрофга сочилиб кетмаслиги, шунингдек, иссиқ кунларда нохуш ҳидлар тарқалишининг олдини олиш ва фуқаролар учун қулайлик яраишдан иборат.
Энг қизиқарли жиҳати шундаки, ушбу ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси 2 метр чуқурликда жойлаштирилган ва ҳар бирига 2 тадан 4 та контейнер ўрнатилган. Контейнерлардан ҳар бири 550 литрга мўлжалланган бўлиб, 1000−1500 нафар аҳолига хизмат кўрсатиш мумкин. Келгусида бу каби ер ости мажмуасидан ҳудудда яна 5 та қуриш режалаштирилган.
Қурилиш ишлари ва ушбу чора-тадбирлар фуқаролар учун қулайлик яратиш билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитарияни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан озиқ-овқат чиқиндиларидан органик ўғит сифатида фойдаланилиши ҳақида хабар берган эдик.