Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига билан учрашди. Суҳбат давомида савдо, инвестиция, таълим ва маданий ҳамкорлик каби икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Саидовнинг сўзларига кўра, учрашув Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, шерикликни мустаҳкамлаш ва халқлар манфаатлари йўлида янги имкониятларни очишга қаратилган интилишни тасдиқлади.
Андрей Сибига, Украина томонидан сиёсий мулоқотни қайта тиклаш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинганини таъкидлади. Шунингдек, Украина Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга содиқ эканини билдирди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар сўнгги марта 2021 йил майида бўлиб ўтган. 2013 йилда эса, вазирлар Абдулазиз Комилов ва Леонид Кожара учрашган эди.
Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги товар айланмаси 2022 йилдан кейин пасайишдан сўнг, 2025 йилнинг биринчи ярмида сезиларли ўсиш кузатилди. 2021 йилда 278,4 миллион доллар бўлган ташқи савдо ҳажми 2025 йилда 151,8 миллион долларГа етди, бу эса 50 фоизлик ўсишни кўрсатади.