«The Lancet» журнали: Ўзбекистондаги ташаббуслар глобал тиббиётга йўл кўрсатмоқда

26.09.2025 15:29 | 2 дақиқада ўқилади.

200 йиллик тарихга эга «The Lancet» журнали болалар саратони бўйича мақоласида Ўзбекистон ислоҳотларини глобал соғлиқни сақлашга намуна деб атади.

Child oncology

Дунёдаги энг нуфузли тиббиёт журнали саналган «The Lancet» сўнгги мақоласида болалар саратони ва қон касалликларига қарши чоралар жаҳон миқёсида кечиктирилмасдан кучайтирилиши лозимлигини таъкидлади.

БМТ ҳисоботларига кўра, айниқса кам ва ўрта даромадли мамлакатларда бу йўналишда ишлар суст кетмоқда. Натижада, саратонга чалинган болаларнинг 30 фоиздан камроғи тирик қолмоқда, ўроқсимон ҳужайрали анемия билан оғриган чақалоқларнинг эса ярми беш ёшга етмай вафот этмоқда.

Мақолада айни шу муаммолар ортида Ўзбекистон тажрибаси алоҳида намуна сифатида тилга олинди. Жумладан, Президент фармони асосида болалар саратонига қарши миллий стратегия қабул қилингани, Тошкентдаги Халқаро академик марказ бутун минтақада клиник тажриба ва инновациялар марказига айланаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, даволаш, парвариш ва кадрлар тайёрлашда ягона ёндашув йўлга қўйилгани, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар глобал соғлиқни сақлаш кун тартибига мос экани таъкидланди.

Бу ҳолат мамлакатдаги соғлиқни сақлаш ислоҳотлари нафақат ички аҳамиятга эга, балки жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.