Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ сафаридан қайтганидан сўнг, ташқи сиёсат соҳасида катта кадрлар алмашинувини амалга оширди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ўз лавозимидан озод этилди ва халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги масалалари бўйича ёрдамчи этиб тайинланди.
Мурат Нуртлеу 2023 йил апрелидан буён ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган бўлиб, у аввал Финландия ва Эстонияда элчи, президент ёрдамчиси ва президент администрацияси раҳбари ўринбосари каби муҳим лавозимларда фаолият кўрсатган.
Нуртлеу ўрнига Ермек Кушербаев Қозоғистоннинг янги ташқи ишлар вазири сифатида иш бошлади.
Кушербаевнинг муваффақиятли карйерасида Россиядаги элчилик ва Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими лавозимлари муҳим ўрин тутади. 2025 йил февралидан бошлаб у республика бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритар эди.
Шунингдек, Ержан Қазихан Президент ёрдамчиси лавозимидан четлатилиб, Женевадаги БМТ ва халқаро ташкилотлар ҳузурига доимий вакил этиб юборилди, Ерлан Алимбаев ҳам Женевадаги доимий вакиллик лавозимидан олинди. Ержан Ашиқбаев эса АҚШ элчиси лавозимидан озод қилинди.
Сентябр ойи бошида ҳам Хитойдаги ШҲТ саммитидан қайтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу вазифасидан озод қилиниб, ўз уйида ҳибсга олингани Orda.kz нашри томонидан хабар қилинган ва кейин бу хабарга расмий раддия берилган эди.