Телебошловчи ва режиссёр Тигран Кеосаян ҳаётдан кўз юмди. Унинг юраги узоқ вақт давом этган оғир касалликдан кейин тўхтагани ҳақида маълум қилинди. Врачлар унинг ҳолатини барқарорлаштириш учун бор кучини ишлатишган, аммо организм касаллик олдида ожиз қолган.
Маргарита Симонян турмуш ўртоғининг вафотини шахсан тасдиқлади. У ўзининг Telegram саҳифасида: «Бугун тунда Тигран Яратган ҳузурига кетди», — деб ёзди. Журналистка мотамга чўмганини ва ҳозир оғир ҳолатда эканини билдирди.
Кеосаяннинг оғир аҳволи ҳақидаги хабарлар шу йилнинг 8 январ куни пайдо бўлган эди. У шунда клиник ўлимни бошидан кечириб, комага тушгани айтилган. Симонян барча давр мобайнида унинг ёнида бўлиб, мўъжизага умид қилган. «Юраги йиллар давомида оғир касал эди. Илтимос, уни яхши кўрганлар дуо қилсин», — деб мурожаат қилган эди у.
Маълумотларга кўра, Кеосаяннинг ўлимига асосий сабаб сифатида ўткир юрак етишмовчилиги кўрсатилмоқда. У вафот этганида 13 йилдан бери Симонян билан бирга яшаб келарди. Улар 2012 йилдан буён бирга турмуш кечириб, 2022 йилда расмий равишда никоҳдан ўтган эди. Оилада уч фарзанд — Маряна, Маро ва Баграт катта бўлмоқда.
Кеосаян аввал актриса Алёна Хмельницкая билан никоҳда бўлиб, ундан икки қизи — Александра ва Ксения қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маргарита Симоняннинг ўзи ҳам кўкрак бези саратонига чалингани ҳақида маълум қилган эди.