Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация Жанубий Корея адлия вазири ўринбосари, Корея иммиграция хизмати комиссари Ким Жонг До билан учрашув ўтказди.Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимояси, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, малакаларни тан олиш, ноқонуний миграцияни камайтириш ҳамда одам савдоси ва жиноятчиликка қарши чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон фуқароларини Кореяда мавсумий меҳнат ишларида (Э-8) иштирок этиш дастурига қайта жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Ноқонуний миграцияга қарши курашиш, меҳнат мигрантлари учун шароитлар яратиш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида мунтазам видеоконференсалоқа ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистонликлар Кореяга мавсумий ишларга юборилиши май ойида айтилган эди. Агарда ўзбекистонлик ишчилар Кореянинг меҳнат қонунчилигини бузмаса, нолегал фаолиятга ўтмаса, ўз иш жойларини асоссиз ташлаб кетмаса, Корея томони ҳамюртлар учун ҳар қандай ишчи виза турини энг юқори даражада очиб беришга тайёрлигини билдирган эди.