Кимни алдамоқчи? Вазирлик боғчадаги фожеа кўламини 10 баробар камайтириб кўрсатгани фош бўлди

26.09.2025 19:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Вазирлик болаларнинг аҳволини барқарор деган эди, бироқ «Дарё» 21 нафар бола ўрта оғир аҳволда қолаётганини аниқлади. Янги вазир статистикани яшириш билан бошладими, фаолиятини?

Zaharlanish sadik

Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган боғча тарбияланувчилари 1940 нафарни ташкил этмоқда. «Дарё»га кўра, бу рақамлар 26 сентябр соат 10:00 даги ҳолат ҳисобланади.

«Овқатдан заҳарлангани айтилаётган 1940 нафар боланинг 1110 нафари шифохонада даволаниб, уйига қайтарилган. 21 нафари ўрта оғир аҳволда қолмоқда. 809 нафари эса енгил аҳволда, ҳолати яхши дейилмоқда», – дейилади хабарда.

Энг қизиғи, куни кеча Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларига воқеа сабаб борган вазирлик расмий муносабатда заҳарланиши оқибатида 109 нафар бола шифохонага ётқизилганини айтган эди.

Аммо «Дарё»га кўра, Оққўрғон туманидаги бўғчаларнинг ўзида 413 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланишдан шикоят қилиб шифохонага мурожаат қилган бўлса, Бўка туманида бу кўрсаткич 537 нафарни ташкил қилган.

430 нафар пискентлик бола оғриқдан азият чекиб, шифокорга мурожаат қилган бўлса, Қуйичирчиқ туманидан 64 нафар, Бекобод туманидан 98 нафар, Олмалиқ шаҳридан 285 нафар ҳамда Нурафшон шаҳридан 113 нафар бола туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Яна вазирлик шифохонага ётқизилган болаларнинг саломатлиги барқарор эканини иддао қилган эди. Аммо суруштирув натижалари 21 нафар бола ўрта оғир аҳволда қолаётганини кўрсатган.

Маълумот учун, Эъзоза Ғопиржоновна Каримова бундан икки ой аввал, июл ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тайинланган эди. Кеча шахсан ўзи болалар овқатдан заҳарланган туманларга бориб, ҳолатни текшириб қайтган эди.

Боғчалардаги заҳарланиш

Жорий йилнинг 24 сентябр куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар соғлиғида ўзгариш кузатилиб, улар юқумли касалликлар бўлимига олиб борилган. Бироз вақтдан сўнг Юқори Чирчиқдаги боғча тарбияланувчиларида ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилгани аниқланган. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Боғчаларда тарбияланувчи болалар тана ҳарорати, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Дастлабки тиббий кўрикдан сўнг, болаларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилган ва аксариятининг соғлиғи яхшиланган.

Тошкент вилоятидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, шунингдек, туман бўлимлари мутахассислари мактабгача таълим муассасаларининг ошхонасини текширишга киришгани хабар қилинган. Болалар истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда текширилмоқда.