Британия ва АҚШ ўртасидаги янги савдо келишувига кўра, Британия томонидан авто ва темир маҳсулотларига тарифлар камайтирилади, шунингдек, Америка қўшма штатлари гўштига бозорда кенгроқ имконият берилади. Бироқ, мутахассислар ва ЕИ амалдорлари бу келишув ЖСТ қоидаларига мос эмаслигини таъкидламоқда.
ЖСТнинг «Энг кўп имтиёзли шерик» тамойилига кўра, бир давлат бошқа давлатга тариф имтиёзлари берса, бу шарт барча ЖСТ аъзоларига нисбатан қўлланилиши керак. Британия эса бу ҳолатда АҚШга махсус имтиёз тақдим этгани сабабли, бошқа савдо ҳамкорларига нисбатан тенгсизлик юзага келиши мумкин.
Келишув доирасида АҚШдан 13 минг тонна гўштни Британияга божсиз олиб кириш мумкинлиги белгиланди. Шунингдек, 1,4 миллиард литр этанол учун ноллик тариф квотаси жорий қилинган. ЕИнинг АҚШ билан савдо муносабатлари бўйича раҳбари Маттиас Йоргесен буни жиддий хавотир билан қарши олди.
Масала Британия парламентида ҳам кўтарилди. Сассекс университети профессори Майкл Гасиорек келишувдаги айрим элементлар ЖСТга мутлақо зид эканини таъкидлади. Унга кўра, бу каби алоҳида преференциялар ЖСТнинг асосий тамойилларини бузади ва Британия ҳукумати томонидан йўл қўйилган жиддий хато бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Британия ҳозирча ЖСТнинг алтернатив низоларни ҳал қилиш механизмига аъзо эмас. Бу тизим АҚШ 2017 йилда судьялар тайинланишини блоклаганидан бери ишламай қолган. Европа Иттифоқи, Канада ва Австралия каби 27 мамлакат бу вақтинча механизмга қўшилган бўлса-да, Британия унга ҳали кирмаган.
Иқтисодий ривожланиш учун АҚШ билан савдо келишуви муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланса-да, ЖСТ қоидаларига риоя этмаслик халқаро муносабатларда Британия учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.