Ўзбекистон Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига қўшилди. Тегишли қонун (ЎРҚ–1086-сон) президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 26 сентябр куни имзоланди.
1963 йил 21 майда қабул қилинган Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясини атом энергияси халқаро агентлиги ҳомийлигида ишлаб чиқилган асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Халқаро конвенцияга қўшилиш натижасида фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормалар мамлакатимиз учун ҳам татбиқ этилади. Ядровий жавобгарлик режими ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланишини таъминлайди.
Вена конвенциясига қўшилиш зарарни қоплашнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий механизмларини таъминлаб, жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиради, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади. Бу эса, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги замонавий стандартларга риоя этилишини таъминлайди.
Конвенцияга қўшилиш қуйидаги имкониятларни яратади:
— фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилаш;
— ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилаш ва юзага келиши мумкин бўлган зарарни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратиш;
— миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш.
Конвенция ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядровий зарар учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек ядровий зарардан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилайди.
Вена конвенцияси
Вена конвенцияси муқаддима ва 29 та моддадан иборат бўлиб, 1963 йил 21 май куни қабул қилинган. Ҳозирги вақтда Конвенцияга 47 та давлат, шу жумладан, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина, Арманистон ва бошқа давлатлар аъзо ҳисобланади. Вена конвенциясининг мақсади — ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Конвенцияга мувофиқ операторнинг ядровий зарар учун мутлақ жавобгарлиги белгиланган. Агар зарар қуролли можаро, фуқаровий уруш, исён ёки фавқулодда табиий офатлар натижасида юзага келган бўлса, ёхуд ядровий иншоотнинг ўзига ёки операторга тегишли мулкка зарар етказилган бўлса, оператор жавобгарликдан озод этилади.
Конвенция ядро қурилмаси операторининг фуқаролик жавобгарлигининг минимал чегарасини 5 миллион АҚШ доллари миқдорида белгилайди. Бунда доллар тушунчаси 1963 йил 29 апрелдаги расмий олтин паритети бўйича белгиланган қийматни англатади, яъни бир трой унция соф олтин 35 АҚШ долларига тенг бўлган.
Жиззахда 2 та катта ва кичик қувватли АЭСлар қурилади
Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган икки катта атом электр станцияси ва 110 МВт қувватли икки кичик атом электр станцияси қуриш лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ва Россиянинг ҳамкорлигида олиб бориладиган бу лойиҳа мамлакат тарихидаги илк атом электр станцияси бўлиб, янги энергия манбаларини ишлаб чиқариш ва миллий энергетикадаги самарадорликни оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев 25 cентябр куни Москвада бўлиб ўтган Глобал атом форумида маълум қилди.
Лойиҳада ҳар бири 1000 МВт қувватга эга иккита катта реактор ва ҳар бири 55 МВт қувватли икки кичик реактор қуриш кўзда тутилган. Бу комбинацияланган ёндашув 2,1 ГВт асосий қувват ишлаб чиқариш ва манёвр имкониятларини таъминлайди. Шунингдек, кичик модулли реакторлар ва катта реакторлар ўртасидаги интеграцияланган модел ҳам ривожлантирилади.
Лойиҳага кўра, 2025 йил кузда Жиззахдаги кичик АЭС учун котлован қазиш ишлари бошланади. 2026 йилда биринчи бетон қуйиш ишлари бошланиши керак. Ўзбекистон ва Россия атом энергетикаси бўйича халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун МАГАТЭ билан ҳамкорлик қилмоқда.