Трамп 1 октябрдан эътиборан дорилар ва мебелга 100 фоизлик бож жорий этмоқда

27.09.2025 09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти 1 октябрдан АҚШда импорт дорилар, мебел ва юк машиналарига юқори бож жорий қилиниши ҳақида эълон қилди.

Trump tax

Доналд Трамп 2025 йил 1 октябрдан мамлакатга киритиладиган бир қатор товарларга юқори миқдорда божлар жорий этилишини билдирди. Янги тартибга кўра, дорилар, мебел турлари ва оғир юк машиналари юқори тарифларга дуч келади. Президентнинг таъкидлашича, чоралар ички ишлаб чиқарувчиларни «ташқи босим ва ҳаддан ташқари рақобат»дан ҳимоя қилишга қаратилган.

Янги қоидага кўра, импорт юк машиналарига 25 фоизлик тариф қўлланилади. Трамп бу чора билан Peterbilt, Kenworth, Freightliner, Mack Trucks каби йирик ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланишини айтди. «Юк машина ҳайдовчилари молиявий жиҳатдан барқарор бўлиши керак. Бу нафақат иқтисодий, балки миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам жуда муҳим», — дея таъкидлади у.

Кухня шкафлари ва ванна хонаси мебелига 50 фоизлик бож, юмшоқ мебелга эса 30 фоизлик тариф жорий қилинади. Энг қаттиқ чора фармацевтика маҳсулотларига нисбатан кўрилмоқда — агар ишлаб чиқарувчи АҚШ ҳудудида завод қурмаса, импорт дориларга 100 фоизлик тариф қўлланилади. Бироқ, аллақачон маҳаллий ишлаб чиқаришга инвестиция киритган компаниялар учун истиснолар назарда тутилган.

Маълумот учун, Трамп 2025 йилда Оқ уйга қайтгач, савдо сиёсатида қаттиқ протекционистик чораларни йўлга қўйди. Аввалига барча импорт товарларига 10 фоизлик базавий тариф жорий этилган бўлса, кейинчалик алоҳида мамлакатлар ва товар тоифаларига 20–50 фоизлик юқори божлар белгиланди.

Президентнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар «иқтисодий мустақиллик» ғоясига асосланган бўлиб, ташқи савдо дисбалансини қисқартириш ва Америка саноатига рағбат беришни кўзлайди. «Фақат божлар орқали АҚШ иқтисодиётига чин маънода ҳаёт бериш мумкин», — дея қўшимча қилди Трамп.