Президент раислигида ўтган йиғилишда «Яшил макон» дастури ижроси муҳокама қилинди. Давлат раҳбарининг қайд этишича, баҳор фаслида экилган 137 миллион кўчатдан 27,5 миллион туп қуриб қолган. Сабаб — баҳор ва ёз орасида иссиқ тез кучайиб, кўчатлар қаёққа илашишига улгурмаган.
Шу боис кузда экиш ҳажми оширилади: жорий куз мавсумида 125 миллион туп дарахт-бута, келаси баҳорда яна 75 миллион туп экиш режалаштирилди. Суғориш тизими мавжуд эмас ёки етарли бўлмаган майдонларга кўчат экилмаслиги қатъий талаб қилинади. Бу орқали сув сарфи оптималлаштирилиб, яшиллаштириш самараси оширилади.
Урбанизация тезлашаётган шароитда шаҳар ва вилоят марказларида яшиллик улушини кўпайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилди. Олимлар, урбанистлар ва экологлар иштирокида Тошкент ҳамда Нукус шаҳарлари, барча вилоят марказлари учун «яшил» мастер режалар ишлаб чиқилади. Ушбу ҳужжатлар кўчат турларини танлашдан тортиб, суғориш, парвариш ва мониторинг стандартларигача аниқ йўриқномаларни қамраб олади.
Бундан ташқари, куз-қиш мавсумига тайёргарликка тўхталар экан, давлат раҳбари таълим муассасалари ва уй-жой фондидаги камчиликларни бартараф этиш зарурлигини қайд этди. Жиззах ва Сурхондарёдаги қозонхоналар таъмири тугалланмагани танқид қилинди. Мутасаддилар икки ҳафта ичида барча инфратузилмаларни мавсумга тайёрлаб қўйиши шартлиги таъкидланди.
Ёқилғи таъминотига алоҳида эътибор қаратилди: аҳолига 55 минг тонна кўмир етказилган бўлса-да, омборлардаги 27 минг тонна ҳали тарқатилмаган. Шунингдек, 330 минг тонна суюлтирилган газни узлуксиз етказиш вазифаси қўйилди. Газ ва электр таъминотида узилишларга йўл қўймаслик учун шахсий жавобгарлик белгиланди.