Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди. Унинг сўзлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати орқали эълон қилинди.
Отабековнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда беморлар ва улар билан алоқада бўлган болалардан иборат 1922 нафар ўғил-қиз тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 959 нафарида клиник белгилари кузатилмагани сабабли уйига жавоб берилган. Илгари маълум қилинганидек, врачлар назоратида 960 нафардан зиёд бемор қолмоқда. Уларнинг 940 нафаридан кўпроғи енгил, 22 нафари эса ўрта оғирликдаги ҳолатда экани қайд этилган эди.
Шу кунгача даволаниб, соғайган 269 нафар бола шифохонадан чиқарилган. Шанба куни яна 421 нафар болани уйига жавоб бериш режалаштирилган.
«Болаларга малакали тиббий ва консултацион ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкентдаги 17 та ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаси ва марказидан 100 нафардан ортиқ олим, мутахассис ва профессор жалб этилган. Улар томонидан даволаш жараёнлари замонавий стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилган оператив штаб хулосасига кўра, болаларда аниқланган касаллик — шошилинч гастроэнтерит. У оғир ёки ҳаёт учун хавфли хасталиклар тоифасига кирмайди ва асоратларсиз кечмоқда», — деди Нурмат Атабеков.
Унинг айтишича, болалар боғчалари тарбияланувчилари вилоятдаги 7 та шифохонада даволанмоқда ва жараёнда ижобий динамика кузатилмоқда, болалар тез тузалиб бормоқда.
«Яқин кунларда барча болалар тўлиқ соғайиб, уйларига қайтиши кутиляпти. Вазирлик ҳузурида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, у ҳар уч соатда видеоконференция шаклида вилоят шаҳар ва туманларида олиб борилаётган даволаш-профилактика ишларини муҳокама қилиб боради», — деди у.
Отабековнинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда қўмита жойларда эпидемиологик суриштирув ва намуналарни лаборатория таҳлилини давом эттирмоқда.
Унинг таъкидлашича, шифохоналарда дори-дармон захираси етарли. Тергов натижаларига кўра айбдорларга нисбатан чора кўрилади.
«Ҳар бир боланинг соғлиги давлат назоратида. Вазият барқарорлашмоқда», — дея ишонтирди Нурмат Отабеков.