Боғча болаларининг заҳарланиши бўйича 7 киши қамоққа олинди

27.09.2025 15:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятида икки мингга яқин боғча тарбияланувчисининг оммавий заҳарланиши ортидан ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар масъулларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Qamoq

Тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Улардан 3 нафари озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхона мансабдорлари бўлиб, маҳсулот сифатидаги қонунбузарликларда айбланмоқда. Қолган 4 киши эса боғчаларга озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсер фирмалар масъуллари ҳисобланади.

Жиноят иши дастлаб Тошкент вилояти ИИББ томонидан тергов қилинган бўлса, кейинчалик материаллар Ички ишлар вазирлигига ўтказилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айбдорларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши кераклигини билдирмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ўткир гастроэнтерит ташхиси билан касалхонага ётқизилган болалар сони 963 нафарга етган. Улардан 269 нафари соғайган, 421 болага эса 27 сентябр куни шифохонадан уйига жавоб берилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 13 боланинг аҳволи ўртача оғирликда қолмоқда.