Ўзбекистонда корхоналарнинг асосий қисмини кичик бизнес ташкил қилади

27.09.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналарнинг катта қисмини кичик бизнес ва микрофирмалар ташкил қилмоқда

Kichik biznes

2025 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, республикада 465,6 мингта корхона ва ташкилот рўйхатдан ўтган. Улардан 395,6 мингтаси ёки 85 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар улушига тўғри келади. Бу мамлакатда тадбиркорликнинг асосан кичик бизнес орқали ривожланаётганини кўрсатади.

Фаолият турлари кесимида энг катта улуш савдо соҳасига тегишли бўлиб, умумий корхоналарнинг 32,5 фоизи айнан шу йўналишда иш олиб бормоқда. Иккинчи ўринни саноат соҳаси эгаллаб, ундаги корхоналар улуши 12,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич саноатнинг иқтисодиётдаги аҳамияти ортиб бораётганини англатади.

Шунингдек, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 7,4 фоиз, қурилишда 6,4 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматларида 6,3 фоиз корхоналар мавжуд. Ташиш ва сақлаш (3,6 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (2,8 фоиз), ахборот ва алоқа (2,4 фоиз) соҳалари ҳам иқтисодиётда муайян улушга эга.

Қолган 25,9 фоиз корхоналар турли бошқа соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Бу рақамлар иқтисодиётнинг диверсификацияланганлиги ва тадбиркорлик имкониятлари тобора кенгайиб бораётганини акс эттиради.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январ–июл ойларида қарийб 48 минг кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Уларнинг учдан бири савдо соҳасига тўғри келмоқда.