Лавров: Украинага кафолат фақат Россия хавфсизлиги асосида берилади

28.09.2025 10:04 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилиб, Украинага хавфсизлик кафолатлари фақат Москва манфаатлари ҳисобга олинса муҳокама қилиниши мумкинлигини билдирди.

Sergey lavrov

Россия Украинага хавфсизлик кафолатлари масаласини муҳокама қилишга тайёр, аммо бу фақат Россиянинг ўз хавфсизлиги ва «ҳаётий манфаатлари» таъминланганда амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиқар экан маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Киев назоратида қолган ҳудудлардаги рус ва русийзабон аҳоли ҳуқуқлари тўлиқ тикланиши ва таъминланиши шарт. «Шундагина Украина хавфсизлиги бўйича кафолатлар ҳақида гапириш мумкин», — деди Лавров.

Шу билан бирга, вазир Москва ҳозирча Киев ва Европа давлатларида «ҳаққоний келишувга тайёрлик» кўрмаётганини қўшиб ўтди. У НАТО давлатларига ҳам қайта мурожаат қилиб, Россиянинг бир неча марта юридик жиҳатдан мажбурий хавфсизлик кафолатлари ҳақида таклиф берганини, аммо улар «эътиборсиз қолдирилганини» эсга солди.

Лавров сентябр ойи бошида Россия ва Украина учун янги хавфсизлик тизими яратиш таклифини илгари сурган эди. Унга кўра, барқарор тинчликка эришиш НАТО кенгайиши туфайли Россия хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш ва Украинага нисбатан «тортилган» сиёсатига чек қўйишдан бошланиши шарт. Шунингдек, Қрим, Севастополь, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларининг Россия таркибига қўшилгани халқаро миқёсда тан олиниши лозим.

Россия ташқи ишлар вазири коллектив хавфсизлик масалаларини Москва иштирокисиз ҳал қилиш мумкин эмаслигини урғулади. «Россия ўз манфаатларини ҳаддан зиёд эмас, лекин қаттиқ ва қатъий тарзда ҳимоя қилади», — дея огоҳлантирди Лавров.