Хитойнинг энг йирик қуёш ҳудуди энди шамол ва атом энергиясига юзланмоқда

28.09.2025 12:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Шандонг провинциясида ортиқча ишлаб чиқарилган қуёш энергияси туфайли тизим қийинчиликка дуч келди. Энди ҳукумат шамол, атом ва батареялар орқали мувозанат изламоқда.

China solar

Хитойнинг шимолий соҳилда жойлашган Шандонг провинцияси, мамлакатда қуёш панеллари бўйича етакчи ҳудуд сифатида, янги стратегия ишга туширмоқда. 1,4 трлн доллар иқтисодиётга эга бу ҳудуд фақат ўтган йили Австрия миқёсига тенг электр энергияси ишлаб чиқарди. Аммо асосий қийинчилик — бу энергия кундузги соатларда ортиқча тўпланиб, тармоқда носозликлар ва ҳатто манфий нархларни келтириб чиқармоқда, деб ёзади Bloomberg.

Шандонгнинг қуёш қуввати 2020 йилдаги 23 GW дан 2025 йил июнига келиб 85 GW га етди. Бу кўрсаткич билан провинция АҚШ, Ҳиндистон, Германия ва Япониядан кейинги бешинчи йирик бозорга айланди. Аммо ортиқча ишлаб чиқариш 2023 йилдаёқ муаммоларни кўрсатди: Янги йил байрамида хонадонларга панелларни узиб қўйиш тавсия қилинди, кейин эса бозорда манфий нархлар 1000 соатдан ортиқ давом этди.

Шу сабабли ҳокимият энергияни сақлаш қувватини икки баробар ошириб, 9,6 GW га етказди ва яқин 3–5 йилда яна икки баробар оширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, кундузи нархлар арзон, кечқурун эса қиммат қилинаётгани истеъмолни рағбатлантиришга қаратилган.

Энергия ишлаб чиқаришда ҳам мувозанат яратишга уриниш кучаймоқда. Ҳукумат июнь ойида шамол ва қуёш улушини қайта кўриб чиқишни маълум қилди. Шундаёқ охирги аукционда йил охирига қадар шамолга 6 млн MWh, қуёшга эса фақат 1,2 млн MWh тақсимланди.

Шу билан бирга, қуёш энергияси учун белгиланган 225 юан/MWh нархи кутилгандан паст бўлиб, агар мамлакат миқёсида қайталанса, кўплаб ҳудудларда лойиҳаларнинг рентабеллигини шубҳа остига қўяди.
Мутахассисларнинг фикрича, Шандонг тажрибаси бутун Хитой учун намуна бўлади: келажакда барқарор тоза энергия тизими фақат қуёшга эмас, балки шамол, атом ва энергия сақлаш технологияларига таянади.