«Ўзбекистон темир йўллари» маълумотига кўра, 27 сентябр куни соат 21:30 да Жиззах–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган поездининг икки вагони Чиноз тумани «Расулобод» маҳалласидаги Олмазор станцияси ҳудудида релсдан чиққан.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарияти, темирйўл хизмати навбатдаги сменаси ва тегишли идоралар жалб этилган. Айни пайтда ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари»га кўра, ҳодисадан сўнг ҳаракат вақтинча чекланган, аммо қисқа вақт ичида барқарорлаштирилиб, поездлар қатнови тўлиқ тикланган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида ҳам Чирчиқ шаҳридаги хусусий темирйўл тармоғида шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди. Ўшанда МЧЖ ходимлари юк тушириш жараёнида «лебёдка» қурилмасидан нотўғри фойдалангани оқибатида вагонлар релсдан чиққан.