Нурмат Отабеков: «Болаларнинг ҳолати яхшиланмоқда»

28.09.2025 16:55 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланиб шифохонага ётқизилган болаларнинг саломатлиги сезиларли даражада яхшилангани маълум қилинди.

Nurmat otabekov

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, 28 сентябр ҳолатига кўра 182 нафар бола даволанмоқда. Уларнинг барчасининг аҳволи енгиллашган, оғир беморлар йўқ. Илгари ўртача оғир деб баҳоланганлар ҳам тузала бошлаган.

«Махсус комиссия хулосаси асосида болаларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган эди. Бу касаллик, одатда, 2–3 кун давом этади ва тўғри даволанганда тез шифо топади. Шунинг учун беморлар қисқа вақт ичида соғайиб, уйларига қайтмоқда» — деди Нурмат Отабеков.

Даволаш жараёнлари давлат назоратида олиб борилаётгани қайд этилди.

Аввалроқ жами 1922 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Шундан 959 нафарида клиник белгилар аниқланмагани учун уйига жавоб берилган, кейинчалик яна 269 бола соғайиб чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, заҳарланиш бўйича жиноят иши қўзғатилиб, етти киши қамоққа олинган. Улар орасида заҳарланишга сабаб бўлган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона ва аутсорсинг компания вакиллари бор.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров бу ҳолат юзасидан Бош прокуратурага депутатлик сўрови йўллаган.