АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Иссиқликтаъминоти» АЖ раҳбарлари Президент қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. Жумладан, 2025–2029 йилларда республика бўйлаб 103 та қозонхона ва 1632 км иссиқлик тармоқлари янгиланиши белгиланган. Бу ишларга 2025 йилнинг ўзида 500 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида бешта ҳудуд — Андижон, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Бўстонлиқ ва Нуробод туманларида янги иссиқлик тизимлари барпо этилади. Натижада, 2634 та кўп қаватли уй ва 480 та ижтимоий объект қамраб олинади. Умумий ҳисобда 121 мингдан зиёд хонадонда иссиқлик таъминоти яхшиланади.
«Самарқанд шаҳридаги қозонхона Жаҳон банки ажратган маблағлар ҳисобидан ёпиқ тизимга ўтказилиб, реконструкция қилинмоқда. Сифатли иссиқлик тизими билан таъминлаш мақсадида замонавий, иссиқлик йўқотилишидан буткул ҳимояланган қувурлар ётқизилмоқда, бу аҳолига бироз ноқулайлик туғдириши мумкин, «уйимни ремонти бузилади», деган гап-сўзлар ҳам бўлди.
Лойиҳанинг муддати шу йил қиш мавсуми этиб белгиланган, қишгача бу ноқулайликлар тўлиқ бартараф этилади ва 380 дан ортиқ кўп қаватли уйлар яъни 11 мингдан ортиқ хонадон марказлашган иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминланади.
Халқ орасида юрган «иссиқлик таъминоти ўтказилгач, табиий газ батамом узилади», деган гаплар мутлақо асоссиз», дейди «Иссиқликтаъминоти» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Султонов.