Янги корхоналар ташкил этишда қайси ҳудуд етакчи?

28.09.2025 19:58 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда жорий йил январ–август ойларида 58 мингдан ортиқ янги корхона ва ташкилотлар ташкил этилди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,1 фоиз кўп.

Korxona

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, янги бизнес субъектлари энг кўп Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Пойтахтда 12 796 та корхона ташкил этилган бўлиб, умумий кўрсаткичнинг бешдан бир қисмини ташкил қилади.

Иккинчи ўринда Тошкент вилояти 5 788 та корхона билан қайд этилган. Хоразм вилоятида эса 5 251 та янги субъект фаолият бошлаган. Бу ҳудудлар иқтисодий фаолликда етакчилик қилаётгани кўзга ташланади.

Фарғона ва Самарқанд вилоятларида мос равишда 4 814 ва 4 429 та корхона очилган. Қашқадарёда 3 654 та, Сурхондарёда 3 395 та ва Бухорода 3 268 та янги ташкилотлар рўйхатдан ўтган. Бу ҳудудлар ҳам ишбилармонлик муҳитида сезиларли ўсиш кўрсатмоқда.

Наманган ва Андижонда 3 мингдан ортиқ, Қорақалпоғистонда қарийб 2,7 минг, Жиззахда 2,5 минг ва Навоийда 2,2 мингга яқин янги корхона ташкил этилган. Сирдарё вилоятида эса бу кўрсаткич 1 484 тани ташкил этиб, энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, республикада 465,6 мингта корхона ва ташкилот рўйхатдан ўтган. Улардан 395,6 мингтаси ёки 85 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар улушига тўғри келади.