Зеленский: «Путин Европанинг бошқа бир давлатига ҳужум қилишга тайёрланмоқда»

28.09.2025 21:02 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, Россия президенти Владимир Путин урушни Украина билан чекламай, Европа давлатларига ҳам ёйиши мумкин.

Zelensky

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия НАТО мудофаасига босим ўтказиш мақсадида Европа ҳудудига дронлар йўллаяпти. Унинг фикрича, бу каттароқ тўқнашув учун тайёргарликнинг белгиси ҳисобланади.

Президент сўзларига кўра, Россия Европа осмони мудофаасини синаб кўрмоқда, бу эса Дания, Польша ва Руминия устидан ўтган дронлар орқали тасдиқланди. Шунингдек, Эстония ҳаво ҳудудига рус самолётлари бузиб киргани ҳам қайд этилган.

26 сентябр куни кечаси Даниядаги, 27 сентябр куни эса Норвегиядаги ҳарбий базалар устидан дронлар парвоз қилгани қайд этилган. Зеленский Европа давлатлари бундай таҳдидга қарши самарали чора топишда қийналаётганини билдирди. Унинг айтишича, Украина ой бошида Полшага йўналтирилган 92 та дронни аниқлаган, уларнинг катта қисми йўқ қилинган, бироқ 19 таси Полшага ўтиб кетган. Варшава тўртта дронни йўқ қилишга муваффақ бўлган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Европа давлатлари Украина тажрибасидан ўрганиш учун номаълум давлатлар вакилларини Киевга юбормоқда. «Биз ўз билим ва тажрибамизни ўртоқлашишга тайёрмиз», деди у.

Шу билан бирга, Зеленский БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп билан «жуда яхши» учрашув ўтказганини қайд этди. Унга кўра, Трамп Украина НАТО ёрдамида 2022 йилдан бери йўқотган барча ҳудудларини қайтаришига ишонч билдирган.

Украина охирги ойларда Россия нефт қайта ишлаш заводларига маҳаллий ишлаб чиқарилган дронлар билан зарбалар бериб келмоқда. Зеленский Кремл қишда Украина энергетика тизимини вайрон қилишга уринса, «Москванинг ўзи қоронғиликка ботиши мумкин», деб огоҳлантирди.