Россия Либерал-демократик партияси раҳбариятининг таъкидлашича, давлатнинг ҳар бир тийини махсус ҳарбий операция харажатлари, ижтимоий ва демографик муаммоларни ҳал этишга сарфланмоқда. Шу шароитда Россияда ҳеч қачон меҳнат қилмаган ва мамлакат ҳаётида иштирок этмаган мигрантларга пенсия бериш мантиқан асоссиз, деб ҳисобланмоқда.
Партия етакчиси Леонид Слуцкий сўзларига кўра, маҳаллий пенсионерлар мизер тўловлар олиб, коммунал хизматларни зўрға қоплаётган бир пайтда четдан келган ишчи кучига давлат маблағ ажратиши адолатсизлик ҳисобланади. Унинг айтишича, кўплаб мигрантлар Россия ва рус халқини ҳурмат қилмайди, аммо пенсия каби ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишни кутади.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Россияда миграциянинг соф ўсиши 600 минг кишини ташкил этган. Бу сўнгги 30 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Мигрантлар оқими ортиши билан пенсия тизими юки ҳам оғирлашмоқда.
РЛДПнинг расмий баёнотида айтилишича, мамлакат мигрантлар билан муносабатда «Приехал — отработал — уехал» («Келди — ишлади — кетди») тамойилини қўллаши лозим. Партия вакиллари фикрича, пенсия – бу давлат ҳаётида фаол иштирок этган шахснинг ҳақ-ҳуқуқи бўлиб, формал равишда яшаб турган мигрантларга тегишли эмас.