Ўзбекистонда етиштирилган ширин қовунлар илк маротаба Сингапурга экспорт қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Fergana Exim Agro» компанияси Сингапурга «торпеда» навли қовунларни етказиб берди. Экспорт ҳажми катта бўлмаганига қарамай, бу қадам ўзбек полиз маҳсулотлари учун муҳим ютуқ сифатида баҳоланмоқда.
Сингапур мева ва сабзавотларнинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан чегарадош бўлса-да, ўзбек қовунларининг харидоргирлиги миллий маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини кўрсатди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сингапур каби юқори стандартлар ва сифат талабларига эга бозорга кириш «Made in Uzbekistan» бренди нуфузини мустаҳкамлайди. Бу эса янги шартномалар тузиш, етказиб бериш ҳажмини ошириш ва бозор улушини кенгайтириш имкониятини очади.
Шунингдек, мазкур йўналишдаги илк қадам келгусида бошқа турдаги мева-сабзавотларни ҳам Жанубий-Шарқий Осиё бозорларига олиб чиқиш учун кенг йўл очиши кутилмоқда.