Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йил 1 сентябр ҳолатига банклардаги муаммоли кредитлар 21,8 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич август бошида 22,5 трлн сўм бўлиб, бир ойда қарийб 700 млрд сўмга қисқарган.
Қайтарилмаётган ёки муддати ўтган қарзларнинг 14,9 трлн сўми давлат банклари ҳиссасига тўғри келса, қолган 6,8 трлн сўми хусусий банклар улушида. Миллий банк энг катта муаммоли кредитлар портфелига эга — 3,1 трлн сўм. Бироқ айнан ушбу банкда қарздорлик август ойида 674 млрд сўмга камайиши натижасида умумий кўрсаткич пасайишида асосий омил бўлди.
Шу билан бирга, Агробанкда 2,6 трлн сўм, Ўзсаноатқурилишбанкда 2,4 трлн сўм, Асакбанкда эса 1,9 трлн сўмлик муаммоли кредитлар сақланмоқда. Хусусий секторда эса Ипотекабанк қарздорликни кескин қисқартиришга эришди: сентябр бошида 2,2 трлн сўмни ташкил этган кўрсаткич йил бошида деярли 3,6 трлн сўм эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда муаммоли кредитлар улуши барқарор ўсиб борган.
2020 йил — 5,8 трлн сўм;
2021 йил — 17 трлн сўм;
2024 йил — 20 трлн сўмга кўтарилиб, кейинчалик шу кўрсаткич атрофида сақланиб қолган.
Аввалроқ Марказий банк муаммоли кредитларнинг 25 фоизи жисмоний шахсларга, 75 фоизидан зиёд қисми эса юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тўғри келишини маълум қилган.
Марказий банк ҳисоботига кўра, июл ойида муаммоли кредитлар ҳажми 684 млрд сўмга (55 млн 383 минг доллар) кўпайиб, 22,5 трлн сўми ташкил қилган. Бу жами кредитларнинг 3,9 фоизига тенг.