Саудия Арабистони АҚШдан 200 та дрон сотиб олиши мумкин

22.05.2025 15:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Саудия Арабистони АҚШдан 200 га яқин MQ-9 Reaper дронларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Таъкидланишича, ушбу шартнома тарихдаги энг йирик дрон келишувларидан бири бўлиши мумкин.

Sa va aqsh

Саудия Арабистони ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида 200 та MQ-9 Reaper дронини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Breaking Defense нашри General Atomics компанияси вакилларига таяник ҳолда хабар берди.

Ушбу келишув АҚШ президенти Доналд Трампнинг Саудияга сафари давомида эълон қилинган 142 миллиард долларлик мудофаа битими доирасида кўриб чиқилаётган бўлиб, Оқ уй бу пакетнинг аниқ тафсилотларини очиқламаган. General Atomics маълумотига кўра, битимга SkyGuardian ва SeaGuardian каби MQ-9 дронларининг турли модификациялари киритилиши мумкин.

Келишув АҚШ иқтисодиёти учун катта аҳамият касб этиши, хусусан, мамлакатда 46 мингта иш ўрни яратилиши таъкидланди. General Atomics президенти Девид Александр 2024 йилда мазкур музокараларни «компания тарихидаги энг йирик халқаро битим» деб атаган эди.

Масаланинг стратегик аҳамиятини шарҳлар экан, Рабдан институти тадқиқотчиси Кристиан Александр Саудиянинг дронлар орқали ҳарбий доктрина ва разведка тизимини модернизация қилиш ниятини қайд этди. Унинг фикрича, бу тактик қадамлардан ташқари, бутун мамлакат ҳудудини қамраб олувчи, таҳдидларга қарши турадиган кўп қатламли тизим яратишни кўзда тутади.

Шу билан бирга, дронларнинг ишончлилиги бўйича саволлар юзага келмоқда. Хусусан, сўнгги ҳафталарда Ямандаги ҳусийлар томонидан АҚШга тегишли 7 та дроннинг уриб туширилгани хабар қилинган. 2023 йил 7 октябрдан буён 21 та дрон йўқ қилинган.

Мустақил тадқиқотчи Якопо Мария Маззукко MQ-9 дронлари юқори қийматга эга платформа эканини тан олган ҳолда, уларнинг ҳаво мудофаасига қарши заифлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ямандаги ҳусийлар Россия ёки Хитой каби илғор технологияларга эга эмас, аммо шунда ҳам дронларни йўқ қилмоқда.

Саудия Арабистонининг бу дронлардан чегара назорати, нишонни аниқлаш ва қўшинларга разведка маълумотлари етказиш каби вазифаларда фойдаланиши кутилмоқда.