Аҳоли омонатларини жалб этишда давлат банклари яна устунлик қилди

29.09.2025 11:52 | 8 дақиқада ўқилади.

Марказий банк илк марта Банк омонатлари бўйича таҳлилини эълон қилди. Унда омонатчилар сони, ёш ва жинс бўйича тақсимоти, шунингдек банклардаги омонат ставкалари бўйича маълумотлар очиқланган.

Omonat 06

2025 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларида 139,43 трлн сўм миқдорида омонат сақланмоқда. Айни пайтда 35 та тижорат банки мавжуд бўлиб, уларнинг 32 таси омонат хизматларини таклиф қилмоқда. Барча омонатчиларнинг ярмидан кўпи «Миллийбанк» (1,58 млн дан ортиқ) ва «Халқ банки» (1,23 млн атрофида) ҳисобига тўғри келади. Энг юқори учликдан Капиталбанк ҳам 953,6 минг омонатчи билан ўрин эгаллаган. Бундан ташқари, «Анорбанк» 845 минг ва «InFinbank» 437 минг омонатчи билан устунликни кўрсатди.

Omonat 01

 

Ёш бўйича тақсимот

Ёш тоифалари бўйича депозит ҳисобварақлари таҳлили шуни кўрсатадики, омонатчиларнинг асосий қисми ёшлар ва ўрта ёшдагилар орасида жамланган. 16–30 ёшдаги фуқаролар энг кўп ҳисобварақ очган бўлиб, уларнинг сони 13,3 млнни ташкил этади. Бундан ташқари, 60 ёшдан ошганлар орасида ҳам сезиларли ҳажм сақланиб қолмоқда — 6,32 млн ҳисобварақ, бу эса омонатларнинг пенсия ёшидаги ва катта авлод учун муҳим жамғарма воситаси эканини кўрсатади. Энг кичик кўрсаткич эса, табиийк,и 16 ёшгача бўлганлар, улар 126 мингдан ортиқ кишини ташкил қилади.

Omonat 02

 

Гендер бўйича тақсимот

Омонатчиларнинг жинсга кўра тақсимоти таҳлили шуни кўрсатадики, эркаклар ва аёллар орасида омонатлар сони деярли тенг. Эркаклар 22,3 млн омонатга эга бўлса, аёллар 22,2 миллион омонатга эга. Бироқ, иккала жинснинг ҳам банк хизматларидан фойдаланиши бир хил даражада бўлиб, бу молиявий инклюзивликнинг муҳимлигини таъкидлайди. (4-расм)

Omonat 03Таҳлилга кўра, сақланаётган омонатларнинг 56,8 фоизи эркакларга, 43,2 фоизи эса аёлларга тегишли. Омонатларнинг умумий ҳажмига қараганда, эркакларнинг ҳисобварақларидаги жами маблағлар тахминан 79,17 трлн сўмни ташкил этса, аёллар ҳисобварақларидаги маблағлар 60,26 трлн сўмни ташкил этади. Бу шуни кўрсатадики, аёллар сони эркакларга яқин бўлса-да, эркаклар томонидан жамғарилган маблағлар анча кўп. Бу эса эркаклар одатда катта миқдордаги маблағларни омонат сифатида жойлаштириши ёки узоқ вақт мобайнида банк хизматларидан фойдаланганини англатади. (5-расм)

 

Банк омонатларининг фоиз ставкалари

Марказий банк ҳисоботига кўра, омонатларнинг фоиз ставкалари миллий ва хорижий валюталарда фарқ қилади. Сўмдаги омонатлар бозорида 21 фоиздан паст ставкали маҳсулотлар кўп учрайди. Улар 23 та банкда 54 та таклифни ўз ичига олади.

Omonat 04

Бироқ, юқори даромадли омонатлар ҳам мавжуд: 21 фоиз ва ундан юқори ставкали 47 та маҳсулот бор, улардан баъзиларида 23 фоиз йиллик ставкалар ҳам мавжуд. Масалан, «Apex bank» ва «Poytaxt Bank» 23 фоиз йиллик ставкали омонатларни таклиф қилмоқда. Шунингдек, 7 та банкда 0 фоиз ставкали омонатлар мавжуд бўлиб, улар асосан маблағни қисман ечиб олиш имконияти билан таклиф қилинади.

Хорижий валютадаги омонатлар бўйича ставкалар тузилмаси кўпроқ бир жойга жамланган. 1–5 фоиз ставкали маҳсулотлар кўпроқ учрайди (18 та банкда 42 та маҳсулот), 6–8 фоиз ставкали маҳсулотлар эса 19 та банкда 33 та таклифни ташкил этади. Йиллик максимал 8 фоиз ставка фақат учта банкда, яъни «Anorbank», «Garant bank» ва «InFinbank»да мавжуд.

Бу таҳлил шуни кўрсатадики, сўмдаги омонатлар орасида паст ставкалар кўпроқ, аммо юқори ставкали маҳсулотлар ҳам мавжуд. Хорижий валюталар бўйича эса кўпроқ паст ставкалар таклиф қилинади, фақат баъзи банклар юқори ставкалар билан рақобатлашмоқда.

 

Аҳоли омонатларини жалб қилишда давлат банклари устунлик қилди

Август ойида банклар депозит портфели 3,3 трлн сўмга ўсиб, жами 363,7 трлн сўмдан ошди. Шу даврда аҳоли омонатлари қолдиғи 4,5 трлн сўмга кўпайган бўлса, корпоратив депозитлар 1,2 трлн сўмга камайди.

Жами депозитларни жалб қилиш бўйича «Миллий банк» (+2,6 трлн сўм), «Kapitalbank» (+1,3 трлн сўм) ва «Agrobank» (+884 млрд сўм) энг юқори натижа кўрсатди.

Аҳоли омонатларини жалб этишда эса давлат банклари мутлақ етакчилик қилди. Бир ой ичида «Oʻzsanoatqurilishbank» (+727 млрд сўм), «Agrobank» (+599 млрд сўм) ва «Миллий банк» (+460 млрд сўм) омонатларни кўпайтиришда биринчи ўринларни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ июл ҳолатига кўра омонатчилар кўпроқ давлат банкларини танлашган эди.