Таътилга чиққан Президент ўрнига давлатни ким бошқаради?

29.09.2025 13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 сентябрдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Хўш, энди Ўзбекистон ҳукумати кимнинг назоратига ўтди?

Kim

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 сентябрдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Президент таътилда вақти унинг ваколатлари ҳеч кимга топширилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини бажаришни давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.

«Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади», дейилади Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 112-моддасида.

Маълумот учун, охирги марта Президент 2025 йил 6 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2025 йил 10 январь санасида меҳнат таътилидан қайтган эди.

Ундан олдин Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 26 июлдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2024 йил 5 август санасида қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган эди.

Ундан аввал эса Президент 2024 йил 22 апрель санасида қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2024 йил 29 апрель санасида қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган эди.