Республика бўйлаб 300 та бозорда амалга оширилган рейдлар давомида 130,5 тоннадан ортиқ санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, улар орасида яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсаткичлари бузилган ёки уй шароитида тайёрланган таомлар бор. Барча маҳсулотлар хавфли деб топилиб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Текширувлар давомида санитария қоидаларини қўпол равишда бузган 514 нафар шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилган. Улар махсус кийимсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан ва рухсат этилмаган жойларда маҳсулот сотгани учун жаримага тортилди.
Шу билан бирга, бозорларда инфратузилмага оид тизимли муаммолар ҳам борлиги маълум бўлди. Жумладан, 111 та бозорда гўшт савдоси учун, 158 тасида сут маҳсулотлари учун махсус павильонлар йўқ. 27 та бозор ветеринария лабораторияларисиз ишламоқда, саккизтасида жамоат ҳожатхонаси, 17 тасида чиқиндихона йўқ.
80 та бозор сув таъминотисиз, 142 та бозорда эса оқова сув тизими мавжуд эмас. Шунингдек, 77 та бозорда дезинфекция ва зарарсизлантириш ишлари бўйича мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган.
Қўмита ички ишлар, солиқ ва ветеринария идоралари ҳамда бозор маъмуриятлари билан биргаликда санитария ҳолатини яхшилаш ва бозорларни белгиланган меъёрларга мувофиқлаштириш ишларини давом эттираётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, август ойида озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш тизими бекор бўлиши ҳақида хабар берган эдик. Янги тартибга биноан, маҳсулотда «энг мақбул истеъмол муддати» ёки «якуний истеъмол муддати» кўрсатилиши шарт бўлади. Ортиқча бюрократик жараёнлар бекор қилиниб, санитария-эпидемиология хулосаси, ветеринария гувоҳномаси ва мослик сертификатини мажбурий расмийлаштириш талаби олиб ташланади.