«Хонадон харид қилишда шартнома шартлари билан атрофлича танишиб чиқиш жуда муҳим» — Рақобат қўмитаси

29.09.2025 14:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси фуқароларни кўп қаватли уй-жой харид қилаётганда қурилиш компаниялари тақдим этадиган шартномаларни синчиклаб ўрганишга чақирди.

Uy

Рақобат қўмитаси айрим қурилиш компаниялари қонунга зид шартлар киритилган шартнома тақдим қилаётганидан огоҳлантирди.

Қумита маълумотларига кўра, 2025 йил январ–август ойларида 1000 га яқин фуқаро мурожаат қилган. Улар уйларни ўз вақтида топширмаслик, рекламада ваъда қилинган лойиҳалардан чекиниш ҳамда шартнома талабларига амал қилмаслик ҳолатларидан норози бўлган.

Текширув жараёнида айрим қурилиш компаниялари шартномага қонунга зид бандлар киритаётгани аниқланган. Хусусан, истеъмолчи шартномани бекор қилса, тўловнинг 10 фоизини ушлаб қолиш ҳақидаги талаблар қўйилган. Қонунчиликка кўра, бундай шартлар ҳақиқий эмас.

Фуқаролик кодексининг 385 ва 260-моддаларига асосан, зарар етмаган ёки қарздор мажбуриятини бажармаган ҳоллардагина товон ёки жарима ундирилиши мумкин. Аксарият ҳолларда эса истеъмолчилар ўз тўловларини бажарган бўлади, қурилишчи эса уйни топширмагунча қарздор мақомида қолади.

Қўмита таъкидлашича, кўп қаватли уйлар типик лойиҳалар бўлиб, уларни бошқа харидорга сотиш қийин эмас. Уйларга талаб юқори, нархлар эса ўсиб бораётгани сабабли қурилишчилар кўпинча зарар эмас, фойда кўради.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21 ва 23-моддалари ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, бундай шартлар ҳақиқий эмас.

Шу боис, қўмита аҳолини шартнома тузишдан олдин уни тўлиқ ўрганишга, зарурат бўлса юрист ёки адвокатдан маслаҳат олишга чақирди. Агар шартномада ҳуқуқларни чекловчи талаблар аниқланса, суд ёки давлат органларига мурожаат қилиш орқали ўз манфаатларни ҳимоя қилиш мумкинлиги эслатилди. Манба: Рақобат қўмитаси.